Қозонда халқаро медиа анжуман: журналистиканинг янги қиёфаси муҳокамада
Татаристоннинг Қозон шаҳрида XVII Халқаро иқтисодий форум – “Россия – Ислом дунёси: Қозон-Форум” доирасида “Мерос коди: маънонинг рақамли ривожланиши” мавзусида медиа анжуман бўлиб ўтди. Тадбир журналистика ва медиада замонавий технологиядан фойдаланиш, бугунги имконият ва эҳтимолий хавф-хатардан ҳимояланиш масалаларига бағишланди.
– Ҳозир замонавий имкониятлардан маданий-маънавий меросни асраб-авайлаш йўлида қандай фойдаланиш масаласи кун тартибида, – деди Татарстон Раиси ёрдамчиси, “Россия – Ислом дунёси” стратегик гуруҳи раиси ўринбосари Марат Гатин йиғилишнинг аҳамиятини таъкидларкан. – Умид қиламизки, бу галги учрашувларимиз ҳам мазкур муаммони ҳал этишга муайян ҳисса қўшади. Россия ва Ислом дунёси мамлакатлари ўртасидаги ахборот ҳамкорлиги йил сайин кенгаймоқда. “Қозон-Форум” эса соҳага янгича ёндашув ҳамда технология мавзусини муҳокама қилиш учун қулай майдонга айланди.


– Бугунги воқеликда анъанавий коммуникация формати аудитория эҳтиёжи ўзгариши ортидан трансформацияга учрамоқда, – дейди “Татмедиа” Республика матбуот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Айдар Салимгараев. – Шу боис тренддан ортда қолмаслик, анъаналарни миллий маданий меросни асраш жараёнига мослаштириш лозим. Бу йил шаҳримизга 29 давлатдан қарийб 400 журналист ташриф буюргани мазкур анжуманга бутун дунёда қизиқиш юқорилигини кўрсатади. Борган сари география ҳам кенгаймоқда. Форумда ҳар ким ўзи учун муҳим, қизиқарли янгилик топа олади.
Иштирокчилар орасида турли давлатлар ОАВ раҳбарлари, таниқли журналистлар ҳам кўп. Улар соҳадаги янги технология, жумладан сунъий интеллектдан фойдаланишга доир таклифлар, эҳтимол муайян хавотирлар билан ҳам ўртоқлашяпти.


– Биз нохолис ахборот тез-тез пайдо бўлаётган, маълумот бузиб берилаётган муҳитда ишлаяпмиз, – деди ИҲТ ахборот департаменти раҳбари Тариқ Лажал. – Ҳозир фақат фейкка қарши курашмаяпмиз, балки ахборот яхлитлигини ҳам ҳимоя қиляпмиз. Яна бир чақириқ – суверенитетни сақлаб қолиш. Бугунги кунда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг аксари ўз тарихи ва қадрияти хавфсизлигини тўлиқ назорат қила олмайди. Медиа жамият рақамли трансформация даврини муваффақиятли босиб ўтиши учун бир неча чора зарур. Биринчиси – доимий равишда саводхонликни ошириш. Энди шунчаки матн чоп этиш доирасидан чиқиш керак. Сунъий интеллект технологияси, улкан маълумотлар базаси билан ишлашни ўрганиш, шунингдек тил нуқтаи назаридан ҳам замон билан ҳамқадам бўлиш жуда муҳим. Иккинчи муҳим жиҳат – ахборот маконини рақамли вандализмдан ҳимоя қилиш имконини берувчи доимий ҳамкорлик. Учинчи омил – ҳамма нарса инсон манфаатига хизмат қилиши кераклигини доим ёдда тутиш.


– Қозон дунёдаги энг йирик маданий марказлардан бири бўлиб қолмоқда, – деди ИҲТ мамлакатлари ахборот агентликлари уюшмаси бош директори Муҳаммад ал-Ямий. – Демак, меросни сақлаш жараёнига янги технологияни жорий этиш масаласи айнан шу заминда муҳокама қилинишида ўзига хос рамзий маъно бор. Жамоамиз янги технологиядан фойдаланиш кўламини кенгайтириш устида фаол ишламоқда. СИ ташкилотимиз фаолияти асосини ташкил қилади. Масалан, медиа маҳсулот яратиш учун “Ақлли муҳаррир” дастурини ишга туширдик, ислом дунёси журналистлари учун малака ошириш курслари ташкил этдик.
“Қозон-Форум”да илгари сурилган турли таклифлар қатори ИҲТ мамлакатлари етакчи ОАВ вакиллари учрашувларини мунтазам ўтказиш, Глобал жануб журналистлари тармоғини яратиш ва соҳада СИдан самарали фойдаланиш бўйича ахлоқий меъёрни белгилаш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.


Ўткир Алимов, ЎзА
Қозон, Россия