Қозоғистон сиёсий ислоҳотлар қаршисида
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан «Bilim Karvoni» нодавлат илмий муассасаси билан «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қозоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси шу йилнинг 5 июнида умумхалқ референдумига олиб чиқилишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда элчихона ходимлари, олимлар, Ўзбекистондаги турли халқаро институт ва университетларнинг экспертлари, қозоқ диаспораси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Элчи Дархан Сатибалди давра суҳбати қатнашчиларини Қозоғистон Президенти Қ.Тоқаев томонидан мамлакат халқига йўллаган мурожаатида таклиф этилган кенг миқёсли сиёсий ислоҳотлар дастури билан таништирди. Шунингдек, бошқарувнинг «суперпрезидентлик» шаклидан нуфузли парламентга эга бўлган президент республикасига ва ҳисобдор Ҳукуматга ўтиш, ҳокимият бўғинлари ўзаро муносабатларида оптимал балансни шакллантириш, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш белгилаб қўйиладиган Конституцион ислоҳотларнинг ўзига хослигини батафсил тушунтириб берди.
Экспертлар янги Қозоғистонни қуришга йўналтирилган бўлғуси ислоҳотларни ижобий баҳолаб, жамиятни демократлаштириш, муваффақиятли сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожлантириш борасида илдам қадам ташлаш Конституцияни такомиллаштириш билан боғлиқлигини таъкидлашди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган маърузасида «Bilim Karvoni» муассасаси раҳбари Ф.Толипов барча даражаларда динамик тарзда ривожланаётган икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатларига тўхталди.
ЎзА