Қозоғистон парламентига олти партия киради
Қозоғистондаги энг йирик партия - “Аманат” Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси) сайловларида 53,46 фоиз овоз тўплади. Сайловда иштирок этган етти партиядан олтитаси қонун чиқарувчи ҳокимиятга киради. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
19 март, якшанба куни бўлиб ўтган сайловларда Қозоғистон халқ партияси 6,25 фоиз, "Ак жол" демократик партияси - 7,87, "Ауыл" партияси - 10,52, бир гуруҳ тадбиркорлар асос солган "Республика" партияси 8,9 фоиз овоз олган.
Шунингдек, 5,31 фоиз овоз билан мухолифатдаги Миллий социал-демократик партия биринчи марта парламентга кириши мумкин.
“Яшил”ларнинг "Байтак" партияси эса 3,22 фоиз овоз тўплаган ҳолда зарур бўлган беш фоизлик чегарадан ўта олмади.
Парламент қуйи палатасига муддатдан аввал ўтказилган сайловлар аралаш тизим бўйича ташкил этилди: депутатларнинг 70 фоизи (69 киши) партия рўйхати бўйича, 30 фоизи (29 киши) бир мандатли сайлов округларидан сайланди.
Марказий сайлов комиссияси Қозоғистон Мажилисга сайлов якунланганидан кейин 10 кун ичида якунларини чиқаради.
ЎзА