Қозоғистон БМТ чақириғини қўллаб-қувватлайди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иқлим бўйича глобал саммитдаги нутқида БМТнинг атроф-муҳитни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш бўйича аниқ ҳаракатларга оид шошилинч чақирувини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
– Бугунги кунда дунё аҳолисининг, деярли, ярми иқлим ўзгаришига боғлиқ ҳудудларда истиқомат қилади, – деди давлат раҳбари. – Ривожланаётган кичик орол-давлатлар, денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар ҳам хавф остида. Доимий геосиёсий беқарорлик ва энергия хавфсизлиги эътиборни иқлим бўйича кун тартибига қаратишни қийинлаштирмоқда.
Тоқаев маърузасида Қозоғистон минтақада Париж келишувини ратификация қилган, 2060 йилга қадар углерод мувозанати стратегиясини қабул қилган биринчи давлат бўлганига урғу берди. Мамлакатнинг янги Экологик кодекси миллий иқтисодиётнинг, деярли, барча соҳаларида яшил технологияни ҳар томонлама мослаштиришга ёрдам беради.
– Мамлакатимиз шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантириш, шунингдек, “яшил” водород ишлаб чиқаришда улкан салоҳиятга эга, – деди Тоқаев. – Биз бу салоҳиятни очиш учун ҳамкорларимиз билан яқин ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз. Дунё бўйича ураннинг 43 фоизини таъминловчи етакчи экспортчи сифатида жаҳон миқёсида углеродсиз электр энергияси ишлаб чиқаришда муҳим рол ўйнамоқдамиз.
Б.Худойбердиев, ЎзА