Қосим Тўхтахунов: “Устоз меҳнати шогирднинг мустақил қарорларида давом этади”
Бугун, 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Устоз меҳнати фақат билим бериш билан чекланмайди. Айниқса, муҳандислик соҳасида ёш мутахассисни касбга тайёрлаш, назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, иш жараёнини англаш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиришда устознинг тажрибаси муҳим аҳамият касб этади.
Бугун мамлакатимизда дуал таълим тизими ҳам ривожланиб, талабаларнинг олий таълимда олган билимларини ишлаб чиқаришда мустаҳкамлаши учун имкониятлар кенгаймоқда.
Замонавий устозликнинг мазмуни, ёш мутахассисни мустақил ишлашга тайёрлаш, ишлаб чиқаришдаги тажрибани шогирдга етказиш ҳамда таълим жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ҳақида “Москва энергетика институти” Миллий тадқиқот университети Тошкент шаҳридаги филиали ўқитувчиси Қосим Тўхтахунов билан суҳбатлашдик.
– Аввало, Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан сизни табриклайман. Филиалда дуал таълимга қандай эътибор қаратилмоқда? Бу тизим талабани мустақил ишлашга тайёрлашда қандай аҳамиятга эга?
– Раҳмат. “МЭИ” Миллий тадқиқот университети Тошкент шаҳридаги филиалида талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилади. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ёшлар ўқув жараёни билан бир қаторда ишлаб чиқариш корхоналарида амалий кўникмаларини шакллантиради. Бу талабага ўз мутахассислиги бўйича билимларни амалда қўллаш, технологик жараёнларни тушуниш ва келгусида мустақил ишлашга тайёргарлик кўриш имконини беради.
Дуал таълимнинг муҳим жиҳати шундаки, талаба олий таълим муассасасида олган билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлайди. Муҳандис учун бу жуда муҳим. Чунки у фақат муайян технологик операцияни қандай бажаришни эмас, балки бу ишнинг умумий технологик жараёндаги аҳамиятини ҳам тушуниши керак.
Ишлаб чиқаришда талабага берилган вазифанинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириш устознинг асосий вазифаларидан бири. Шунда талаба бажараётган ишининг натижаси қаерда ва қандай қўлланишини англайди. Бу эса уни кейинчалик мураккаброқ вазифаларни мустақил бажаришга тайёрлайди.
Менинг қирқ йилдан ортиқ меҳнат фаолиятим ишлаб чиқариш, раҳбарлик, илмий изланиш ва таълим соҳалари билан боғлиқ. Шу тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ёш мутахассисни мустақил ишлашга тайёрлаш бир кунда амалга ошмайди. Устоз аввал вазифани тушунтиради, қарорнинг сабабини кўрсатади, хатоларни биргаликда таҳлил қилади. Кейин эса шогирдга тобора мураккаброқ ишларни ишониб топширади.
– Ёш мутахассисларнинг билимларини таҳлил қилиш жараёнида қандай камчиликлар кўзга ташланади?
– Таълим жараёнида мен махсус “Энергетикага кириш” курсини ишлаб чиққанман. Бу курсни яратишга диплом билан ишга келган ёшларнинг билимларини таҳлил қилиш сабаб бўлган. Кўп ҳолларда мутахассис ўз йўналиши бўйича муайян билимларга эга бўлади, аммо энергетика тизимининг умумий тузилиши ва турдош соҳалар ўртасидаги боғлиқликни етарлича тушунмаслиги мумкин.
Шунинг учун курсга ёқилғи-энергетика мажмуасида кўп йиллар ишлаган мутахассисларни ҳам жалб қилдик. Улар билан биргаликда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг турли манбалари ўртасидаги боғлиқлик, электр тармоқларининг барқарорлиги, таъминот ишончлилиги каби масалаларни муҳокама қилдик. Аниқ техник вазифаларни ҳам таҳлил қилдик.
Бундай машғулотлар талабага ўзи ўқиётган фанлар нима учун кераклигини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Чунки мутахассис фақат алоҳида билимларга эмас, уларнинг бир-бири билан қандай боғланишига ҳам эътибор қаратиши керак.
Ишлаб чиқаришда ҳам шунга амал қилиш зарур. Агар талаба бир неча ой давомида фақат ёрдамчи ишлар билан шуғулланса ёки технологик жараённи тушунмасдан битта операцияни такрорлайверса, унинг ишлаб чиқаришдаги имконияти чекланиб қолади.
Айрим билимларни йўриқнома асосида бериш мумкин. Айрим ҳаракатларни тренажёрларда машқ қилиш мумкин. Аммо касбий маданиятни бундай усулда тўлиқ шакллантириб бўлмайди. Масъулиятли ишдан олдин ўзини яна бир бор текшириш, хавфсизлик талабларига жиддий муносабатда бўлиш, хато қилганини тан олиш ва уни тўғрилашга ҳаракат қилиш каби фазилатлар устоздан шогирдга бевосита ўтади. Энг муҳими, шогирд мустақил ишлашни ўрганишида.
– Ёш мутахассисни асосий иш билан бирга ўқитиш устоздан нимани талаб қилади?
– Бу, аввало, вақт талаб қилади. Ишлаб чиқаришда баъзан вазифани ўзингиз бажариб қўйиш топшириқни тушунтириш, бажарилишини кузатиш ва натижани текширишдан кўра тезроқ бўлади. Айниқса, иш жараёни шошилинч бўлса, ёш ходимга вақт ажратиш қийинлашади.
Лекин тўпланган тажрибани бошқаларга бериш истаги ҳам жуда муҳим. Инсон йиллар давомида орттирган тажрибасини ўзи билан олиб кетолмайди. Шунинг учун бу билим ва кўникмалар кейинги авлод мутахассисларига ўтиши керак.
Менинг амалиётимда ёш ходимлар билан ишлаш кўп ҳолларда шахсий ташаббусга боғлиқ бўлган. Шу билан бирга, моддий рағбат ҳам самарали омил, деб ҳисоблайман. Тажрибали ходим нафақат ўз ишини яхши билиши, балки бошқаларга ўргата олиши ҳам керак.
Мен талабалар билан ишлаш жараёнида мулоқотнинг турли усулларини кўпроқ амалиёт давомида ўрганганман. Лекин ўқитишнинг ўзига ҳам ўрганиш керак. Чунки касбий тажрибага эга бўлишнинг ўзи етарли эмас. Уни бошқа инсонга тушунарли қилиб етказиш маҳорати ҳам зарур.
– Бугун таълим жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Бундай шароитда талабанинг ҳақиқий билими ва мустақил фикрлашини қандай аниқлаш мумкин?
– Мен талабаларнинг сунъий интеллектдан фойдаланишига қарши эмасман. Аксинча, ундан таълим жараёнида тўғри фойдаланиш фойдали бўлиши мумкин. Лекин асосий масала талабанинг тайёр жавобни олиши эмас, унинг бажарган ишини тушуниши ва ўз сўзлари билан тушунтира олишидир.
Масалан, талабадан қандай вазифани бажарганини сўрайман. Кейин шу ишга тааллуқли қўшимча саволлар бераман. Баъзан дастлабки вазифага бевосита кирмайдиган, аммо мавзуни тушунган одам жавоб бера оладиган саволни ҳам бераман. Шунда талабанинг нимани тушунгани ва қаерда қийналаётгани кўринади. Айрим ҳолларда талаба сунъий интеллектга қандай топшириқ берганини ҳам тушунтириб бера олмайди.
2026 йил январь ойида эълон қилинган “OECD Digital Education Outlook” ҳисоботида ҳам бажарилган иш сифати билан инсоннинг амалда нимани ўргангани ўртасидаги фарқ масаласига эътибор қаратилган. Генератив сунъий интеллект воситалари тайёр натижани яхшилаши мумкин, аммо бу ҳар доим ҳам инсон шу натижага мос билим ва кўникмани эгаллаганини англатмайди. Таълим жараёни тўғри ташкил этилса, сунъий интеллект билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга ёрдам бериши мумкин.
Муҳандис учун эса қайси воситадан фойдаланилганидан қатъи назар, ҳисоб-китобларни тушуниш жуда муҳим. Мутахассис дастлабки маълумотларни текшириши, олинган натижа нимани англатишини билиши ва уни муайян объектда қўллаш мумкин ёки мумкин эмаслигини аниқлай олиши керак.
– Устоз меҳнатининг натижаси кўпинча йиллар ўтиб намоён бўлади. Сиз буни собиқ талабаларингиз мисолида қандай ҳис қилгансиз?
– Устоз меҳнатининг таъсири баъзан дарҳол эмас, йиллар ўтиб кўринади. Электр станцияларига борганимда мустақил ишлаётган собиқ талабаларим билан учрашиб қоламан. Улар мени кўриб, илк устозларини эслашади, илиқ хотираларини айтишади.
Баъзан дарс жараёнида бирор фикр ёки мисол келтираман. Орадан йиллар ўтиб, собиқ талабаларимдан шу гапларни эслаб қолганини эшитаман. Улардан бири: “Ўша пайтда бизга нима деганингизни эслайсизми?” деб сўраган. Мен эсламаган бўлишим мумкин. У эса: “Ўша пайтда айтган сўзларингиз менга бошқача таъсир қилган. Бу мени бутунлай ўзгартириб юборган”, деган.
Ишлаб чиқаришда ёш мутахассиснинг тайёрлиги унинг ҳисоб-китобларни қанчалик сифатли бажариши, ускуналарга муносабати ва хавфсизлик талабларига риоя қилиши асносида кўринади. Университетда ҳам, ишлаб чиқаришда ҳам устознинг вазифаси ёш мутахассисга ана шу синовдан ўтишга ёрдам беришдан иборат.
Устознинг меҳнати эса у бир вақтлар мустақил ишни ишониб топширган инсонларнинг қарорларида давом этади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.