“Қўшма таълим” дастури йўлга қўйилади
Венгрия Халқ Республикаси “Arch Energ” кластери раҳбариятининг таклифига биноан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали директори Фаррух Мухторов бошчилигидаги делегация Венгриянинг Сегед ва Будапешт шаҳарларида бўлиб, “Arch Energ” кластери, Сегед, Лоран ва Будапешт университетлари фаолияти билан танишдилар.
Учрашув мобайнида “Arch Energ” кластери билан ҳамкорлик шартномаси талабларини амалга ошириш, яшил энергия соҳасида кластер аъзолиги инфратузилмасини ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия марказларини шакллантириш доирасида бир қатор келишувларга эришилди. Расмий учрашув сўнггида “Arch Energ” кластери президенти доктор Биро Истван ва филиал директори Ф.Мухторов ўртасида меморандум имзоланди.
Шунингдек, Венгриянинг Сегед шаҳрида жойлашган “Arch Energ” халқаро қайта тикланувчи энергия манбалари ва қурилиш саноати инновациялар кластери билан ўзаро тажриба алмашдилар.
Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан қизиқарли суҳбат ўтказилди. Ватандош талабаларнинг ўқишлари, уларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ва қизиқишлари билан танишдилар.
Обуда университети ректори, профессор Др. Левенте Ковачс билан учрашувда ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Энди илмий тадқиқотчиларнинг икки томонлама “Doubl degree” диссертация ҳимояларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларни илмий стажировкаларга юбориш, ўқитувчи ва талабалар ўртасида академик алмашинув дастурларини жорий этиш, ўзаро ҳамкорликдаги 2+2, 1+1 форматида “Қўшма таълим” дастурини ташкил этишга оид масалалар юзасидан меморандум имзоланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири