Қўшма таълим дастури амалда: талабалар қўш дипломга эга бўлишди
Навоий давлат педагогика институтида “2+2” қўшма дастури асосида таълим олган талабаларга дипломлар тантанали топширилди.
Навоий давлат педагогика институти ва Беларусь Республикасининг Полотск давлат университети ўртасида имзоланган “Ҳамкорлик тўғрисида”ги халқаро меморандумга мувофиқ, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзга тилли гуруҳларда рус тили ҳамда психология: амалий психология бакалавр таълим йўналишлари бўйича қўшма “2+2” таълим дастури бўйича 23 нафар талаба Полоск давлат университетида таълим олишди.

Таълим йўналишини тамомлаган талабалар Полотск давлат университети ва Навоий давлат педагогика институтининг дипломларига эга бўлишди.
“2+2” қўшма таълим тизимининг афзаллиги шундаки, талабалар дастлаб 2 йил қабул қилинган олийгоҳда, қолган 2 йилда хорижий давлатда таълим олишади. Улар таълим олиш билан бир қаторда ўша давлатнинг таълим тизими, ўқитиш методикаси, шу билан бирга, таълим сифати бўйича ўз тажриба ва билимларини бойитиб, юртимизга янги ва инновацион ғоялар билан қайтадилар.

– Юртбошимиз ташаббуслари билан жуда кўплаб хорижий давлатлар билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб келинмоқда, – дейди институт ректори Муҳиддин Калонов. – 2019 йилда Навоий давлат педагогика институти ва Беларусь Республикасининг Полотск давлат университети ўртасида ҳам меморандум ва шартнома имзоланган эди. Унинг доирасида 2020-2021 ўқув йилида “2+2” қўшма таълим дастури асосида Ўзга тилли гуруҳларда рус тили ҳамда психология: амалий психология бакавлариат таълим йўналишиларига талабалар қабул қилинганди. Бугун 23 нафар талабамиз ушбу қўшма таълим дастури асосида ўқишни тамомладилар. Битирувчилар шартномага асосан ўз мутахассисликлари бўйича қўш дипломга эга бўлишди.

Энди битирувчилар нафақат Ўзбекистонда, балки Беларусь Республикасида ҳам таълим тизимида фаолият олиб бориши мумкин.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири