Қоровулбозорда тиббий кўрик
Тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва аҳолига малакали сифатли ва самарали тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Марказ вилоят филиалининг ўттиздан ортиқ врач мутахассисларидан иборат тиббиёт гуруҳ аҳоли саломатлигини сақлашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қоровулбозор туманида бўлди. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида чўлқуварлар учун аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўриги ташкил этилди.

Эндохирург, қон-томир хирурги, гинеколог, травматолог, нейрохирург, болалар хирурги, болалар реаниматологи, УТТ, ЭКГ врачлари, эндоскопист, кардиореаниматолог, анестезиолог-реаниматолог, кардиолог, терапевт, педиатр, шунингдек, жарроҳлик амалиёти бригадаси мутахассислари тиббий кўрикда аҳоли саломатлигини текширувдан ўтказди.

480 нафардан зиёд аҳоли вакиллари тиббий кўрикда қатнашди. Шулардан 250 нафарида турли йўналишдаги касаллик аломатлари аниқланди. Уларнинг 60 нафаридан ортиғига туман тиббиёт бирлашмасида, 32 нафари вилоят тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, аниқланган касалликлар бўйича беморларнинг 74 нафарига амбулатор ва 26 нафарига стационар, қолган беморларга ўзлари яшаш ҳудудларидаги оилавий поликлиникада амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди.


– Аниқланган касалликларни даволаш доирасида травматолог, хирурглардан иборат операцион бригада тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами билан туманнинг “Emergency department” бўлимида жарроҳлик амалиётларини ўтказди, – дейди филиал директори М.Ражабов. –Беморлар учун кечиктириб бўлмас бу операциялар ёш мутахассислар учун “маҳорат дарси” бўлди. Бир кунда филиалнинг етакчи мутахассислари томонидан 5 та кам инвазив юқори технологияли мураккаб операция муваффақиятли ўтказилган бўлса, бу аксарияти кам таъминланган оила аъзоларида бажарилгани билан аҳамиятли. Муҳими, бу каби аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирлари мунтазам давом эттирилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири