Қоровулбозорда пахта терими бошланди
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани деҳқонлари бу йил 14 минг 522 тонналик "оқ олтин” хирмонни бунёд этишни режалаштирган.
“Арк экокластер” МЧЖга қарашли пахта қабул қилиш пунктида пахта мавсуми бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими Акмал Остонов бошчилигидаги сектор раҳбарлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қуръон тиловат қилиниб, ҳосилга барака тиланди. Шундан сўнг “оқ олтин” ортилган карвон кутиб олинди.
Биринчилардан бўлиб пахта ҳосилини олиб келганликлари учун фермер хўжалик раҳбарлари, тракторчилар ҳамда ишчи ходимларга эсдалик совғалари топширилди.

Мутасаддилар пахта қабул қилиш пунктида ишчи ходимларга яратиб берилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишди.

Кластер томонидан фермер хўжаликларга қулайлик яратиш мақсадида бухгалтерия маркази ҳам шу ернинг ўзида ташкил этилган. Шунингдек, замонавий ошхона ва ётоқхона барпо этилиб ишчи ходимлар учун барча қулайликлар яратилган.
Маълумот учун, бу йилги пахта мавсумида 86 та трактор ҳамда 96 та тиркамалар мавсумга тайёрланган.
Зариф Комилов, ЎзА