Қорасувда 4 та “Workоut” майдони ташкил этилди
Саломатлик, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишда спортнинг, жисмоний тарбиянинг қанчалик аҳамиятга эгалигини бугун ҳар бир инсон яхши билади. Ва билгани учун спорт билан шуғулланишга одатланаётганлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Шу йилнинг 30 октябрь куни Президент томонидан “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилиниши бу масалага давлат даражасида эътибор кучайтирилаётганидан далолатдир.
Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди. Маҳаллий ҳокимликларга ҳар бир туман маркази ва шаҳарларда пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Айни пайтда Самарқанд вилоятида ҳам бу ишларга киришилиб, давлатимиз раҳбари фармонида белгиланган вазифалар бажарилмоқда.
[gallery-468]
– Ҳозирда барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан “Саломатлик йўлаклари” ташкил этиш таклифлар тайёрланиб, қурилиш бошқарма ва бўлимларига топширилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев. – Айрим ҳудудларда бу иш бошланган ҳам. Жумладан, Самарқанд шаҳрининг кейинги йилларда ўнлаб кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилган янги аҳоли маскани – Қорасувда 10 километр юриш ва югуриш йўлаги, яна 10 километр вело йўлак ташкил этилди. Шунингдек, 2 та бадминтон, 4 та “Workоut”, 3 та стритбол, 2 та мини футбол майдонлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудудда 14 та болалар майдончаси мавжуд. Бундан ташқари Қорасувда иккита янги мактабда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Муассаса спорт зал ва майдонларидан маҳалла аҳолиси ҳам фойдаланиши мумкин. Келгуси йилда эса ушбу ҳудудда кураш ва футбол маҳорати мактабларини ташкил этиш режалаштирилган. Футбол маҳорати мактабининг намунавий лойиҳасига кўра, унинг тасарруфида 3 та катта ва 3 та мини футбол майдони, 20х40 метр ўлчамдаги спорт зал бўлади. Бу ҳам албатта, шу ҳудудда яшовчи аҳолининг барча қатлами бир неча спорт турлари ва жисмоний машқлар билан шуғулланиши учун кенг имконият яратади.
Давлатимиз раҳбарининг фармонида 2021 йилда пойтахтимизда, 2022 ва 2023 йилларда эса юртимизнинг барча шаҳарларида аҳоли учун қулай бўлган кўчаларда умумий узунлиги 50 километр бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил этиш белгиланган. Самарқанд вилоятида ҳам бугунги кунда таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА