Қорақумлик ёшлар билан учрашув
Сирдарё вилояти Ховос тумани “Қорақум” маҳалласидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида шоир, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда “Адолат” социал демократик партияси вилоят кенгаши, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бошқаруви, Ховос тумани Халқ таълими бўлими масъуллари, мактабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари, ОАВ вакиллари, шеърият ихлосмандлари иштирок этди.

Ижодий учрашувда шоир қаламига мансуб шеърларга басталанган қўшиқлар, бадиий чиқишлар ижро этилди. Мактаб ўқувчилари ўзлари ёзган шеърлардан намуналар ўқиб берди.
– Бундай ижодий учрашувлар чекка туман ва қишлоқларда таълим олаётган ўқувчиларга ижодий қувват беради, – дейди Санобар Отаева. – Мен ҳам адабиётни севаман. Набираларим ижодкор бўлишини, адабиётга ошуфта бўлишини истайман. Шу боис бугунги учрашувга мен ҳам келдим.

Тадбир сўнггида Муҳаммад Исмоил мактаб маъмуриятига ўз ижодий намуналари жамланган китобларидан туҳфа қилди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА