Қорақалпоғистонлик аёллар Андижонда
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида яшовчи бир гуруҳ хотин-қизлар Андижонга келди.
Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Андижонга ташриф буюрган 103 нафар қорақалпоғистонлик хотин-қизлар “Андижон” темирйўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бир неча кун аввал Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида бўлганида аҳоли вакиллари билан учрашиб, мулоқот қилган эди. Ўтказган учрашувларда вилоят ҳокими бир гуруҳ кегейлилик аёлларни андижонлик ҳунармандлар тажрибасини ўрганиш учун Андижонга таклиф қилган эди.
Таклифга асосан, вилоятга келган қорақалпоғистонлик аёллар Андижон туманидаги “MED CITY” даволаш ва дам олиш масканига жойлаштирилди. Меҳмонлар бир неча кун давомида ушбу масканда дам олиб, саломатлигини тиклайди. Шу билан бирга, дўппидўзлик, каштачилик, кўрпа-тўшак тикиш, миллий қўғирчоқлар ясаш, гулчилик ва бошқа қатор йўналишлар бўйича андижонлик ҳунармандларнинг иш тажрибаларини ўрганади. Умуман, Андижондаги бунёдкорлик ишлари, хотин-қизлар тадбиркорлиги, ҳунарманд аёллар фаолияти билан яқиндан танишади.
[gallery-6043]
– Мен андижонлик аёлларнинг гулчилик соҳасидаги ишлари, тажрибаларини ўрганиб, гулчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман, – дейди Кегейли туманидаги Халқаобод маҳалласида яшовчи Холнигул Сусенова.
– Андижонга биринчи бор келишим, андижонликларнинг меҳмондўстлиги, вилоятдаги бунёдкорлик ишлари очиғи, мени ҳайратга солди. Айниқса, ҳунармандлар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ҳар қандай кишини ҳавасини келтиради. Андижонда гулчиликни йўлга қўйиш борасидаги ишлар, илғор тажрибаларни ўрганиб, насиб этса, ўз маҳалламда гулчиликни йўлга қўйиб, даромад топишга, янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қиламан. Қорақалпоғистонлик аёллар турли йўналишлар бўйича бириктирилган туман ва шаҳарларда беш кун давомида ҳунармандчилик сирлари ва тажрибаларини ўрганади. Бундан ташқари, меҳмонлар учун қатор маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши, вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилиши белгиланган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат) ЎзА