Қорақалпоғистонда тиббиёт: илм-фан, таълим ва амалиёт уйғунлиги
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида бир қатор лойиҳалар билан танишар экан, Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясига ҳам ташриф буюрди. Академияда яратилган шароитлар ва унинг имкониятлари билан яқиндан танишди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Убайдуллаева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти билан танишуви ҳудудда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини намоён этди.
Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясининг ташкил этилиши ҳудудда тиббий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Академия фақатгина малака ошириш муассасаси эмас, балки илм-фан, таълим ва тиббий амалиётни бирлаштирувчи замонавий инновацион марказ сифатида шакллантирилмоқда. Бу эса тиббиёт соҳасида назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, илғор технологияларни тезкор жорий этиш ва мутахассисларнинг амалий кўникмаларини доимий равишда такомиллаштириш имконини беради.
Академияда ҳар йили 3 минг нафар шифокор ҳамда 6 минг 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимининг малакасини ошириш имконияти мавжуд. Шунингдек, Оролбўйи минтақасидан ҳар йили қарийб 100 нафар клиник ординатор тайёрланиши кўзда тутилган.
Бу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Улар ҳудудда тиббий кадрлар салоҳиятини тизимли равишда ошириш, мутахассисларнинг замонавий тиббиёт ютуқларидан хабардорлигини кучайтириш ва аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун яратилаётган имкониятларнинг кўламини кўрсатади.
Айниқса, узоқ ҳудудлардан келадиган мутахассисларнинг таълим олиши учун зарур шароитлар яратилгани, 72 ўринли замонавий меҳмонхонанинг ташкил этилгани шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг малака ошириш жараёнида қулай шароитлар билан таъминланишига хизмат қилади.
Академияда 18 та симуляцион хонанинг ташкил этилгани эса тиббий таълимнинг амалий йўналишини янада кучайтирмоқда. Уларда 50 дан ортиқ йўналиш бўйича рақамли ва симуляцион таълим йўлга қўйилган бўлиб, мутахассисларни 100 дан зиёд тиббий амалиёт бўйича халқаро стандартлар асосида тайёрлаш имконияти яратилган.
Бугун тиббий таълимда симуляцион технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Чунки шифокор ёки тиббиёт ходими мураккаб тиббий амалиётни бевосита беморда қўллашдан олдин уни симуляцион муҳитда такрор-такрор машқ қилиш имконига эга бўлади. Бу эса тиббий хизмат хавфсизлиги ва сифатини оширишнинг муҳим омилларидан биридир.
Академия замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, бу ерда Марказий Осиёда ягона бўлган “Edge Medical” жарроҳлик роботининг ўрнатилиши тиббий таълим ва юқори технологик жарроҳликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади. Мазкур роботдан реал клиник шароитда юқори аниқликдаги жарроҳлик амалиётларини бажариш, телемедицина имкониятларини кенгайтириш ва келгусида масофавий тиббий хизматларни ривожлантириш учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Академиянинг АҚШнинг Питтсбург ва Германиянинг Фрайбург университетлари билан ҳамкорлик қилиши, халқаро ўқув курслари, қўшма илмий тадқиқотлар, телемедицина ва рақамли таълим технологияларининг жорий этилиши Қорақалпоғистонда тиббий таълимни халқаро тажриба билан уйғунлаштириш имконини беради.
Оролбўйи минтақасининг ўзига хос экологик ва тиббий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Академиянинг илмий тадқиқот салоҳиятини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Ҳудудда учрайдиган касалликларни чуқур ўрганиш, уларнинг олдини олиш ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш нафақат Қорақалпоғистон, балки мамлакат тиббиёт тизими учун ҳам муҳим илмий-амалий натижалар беради.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг марказида доимо инсон ва унинг саломатлиги туриши керак. Янги тиббий муассасалар, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларнинг якуний самараси фуқароларга ўз вақтида, сифатли ва хавфсиз тиббий хизмат кўрсатилишида намоён бўлади. Шу маънода Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти “Замонавий инфратузилма — илғор технология — малакали кадр — сифатли тиббий хизмат” тамойилининг амалий ифодаси бўла олади.
Ишончимиз комилки, Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясининг тўлақонли фаолият юритиши натижасида илм-фан, таълим ва клиник амалиёт ўртасидаги интеграция янада кучаяди. Бу эса узоқ муддатда Оролбўйи аҳолиси учун тиббий хизматларнинг сифат ва технологик даражасини ошириш, тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.