Қорақалпоғистонда тест синовлари давом этмоқда
Бугун, 14-июль санасидан бошлаб, мамлакатимиз бўйлаб 2026-2027-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бошланди.
Ушбу муҳим жараён барча олий ўқув юртларида белгиланган жойларда бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг спорт саройида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Тест синовлари икки сменада ташкил этилган бўлиб, биринчи смена соат 08:00 дан 11:00 гача, иккинчи смена эса 15:00 дан 18:00 гача давом этади. Ушбу жараённинг адолатли, шаффоф ва хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида университет раҳбарияти бошчилигида профессор-ўқитувчилар, масъул ходимлар, кўнгиллилар бириктирилган.
Бундан ташқари, тест синовлари давомида жамоат тартибини сақлаш, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Университет раҳбарияти ва масъул идоралар томонидан абитуриентларга тест синовларини муваффақиятли топшириши учун барча зарур имкониятлар яратилган.
Нукус шаҳридаги тест синовлари ўтказиладиган жойлар қаторида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлими биносида ҳам абитуриентлар тест синовларида қатнашмоқда.
Бу ерда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси томонидан абитуриентларнинг ота-оналари учун кутиш жойлари, тест жараёнини онлайн кузатиш имконияти, шунингдек, бошқа зарур шароитлар яратилди.
[gallery-30404]
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида давлат олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларида жами 31 мингга яқин абитуриент иштирок этиши кутилаётган бўлиб, тест синовлари жорий йилнинг 23-июль кунига қадар давом этади.
Тест синовлари тўлиқ видеокузатув орқали онлайн трансляция қилинмоқда ва жараённи test2026.uz сайти орқали онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари