Қорақалпоғистон минтақанинг «яшил» энергия марказига айланмоқда
Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станцияларининг қурилиши ҳисобига «яшил» энергия улуши 23 фоизга етди. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўп.
Кеча 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Жумладан, Қўнғиротда 2 миллиард 600 миллион долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станциясини қуриш бошланди. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловольтли 3 та подстанция барпо этилади.
2030 йилгача жами қуввати 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, «яшил» энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 мегаваттли энергия сақлаш қуввати яратилади.
Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.
ЎзА