Қорақалпоғистон Марказий Осиёдаги йирик “яшил энергетика” марказларидан бирига айланади
Аҳоли ўртасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали директори Аллабай Нуримбетов билан учрашиб, ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олдик.
— Суҳбатимиз аввалида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталсангиз?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, электр энергиясига бўлган талабни қондириш, мавжуд энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда истеъмолчиларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида филиал томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳоли хонадонларида қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатишни рағбатлантириш мақсадида “Солиқ” мобил иловасидаги “Қуёшли хонадон” дастури орқали келиб тушаётган мурожаат ва аризалар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда.

Бугунги кунга қадар мазкур дастур орқали Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги 21 минг 224 та хусусий хонадондан ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 18 минг 73 таси бўйича умумий 118,4 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр панелларини ўрнатиш билан боғлиқлари тўлиқ қабул қилинган.
Мазкур кўрсаткичлар аҳолининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга бўлган қизиқиши ва фаоллиги йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, қуёш энергетикасининг Оролбўйи иқлим шароитига мослиги, қуёшли кунлар сонининг кўплиги ҳамда хонадонларнинг ўз электр энергияси эҳтиёжини қисман ёки тўлиқ мустақил таъминлаш имконияти мазкур йўналишнинг янада оммалашишига хизмат қилмоқда.
“Қуёшли хонадон” дастури доирасида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган, истеъмолчиларнинг ўз эҳтиёжидан ортиқча бўлган электр энергияси электр тармоқларига етказиб берилмоқда. Шу кунга қадар хусусий хўжаликлар томонидан жами 133,3 миллион кВт электр энергияси электр тармоқларига узатилган бўлиб, шундан 95,5 миллион кВт·соат электр энергияси белгиланган тартибда сотиб олинган.
Ушбу электр энергияси учун давлат томонидан жами 95,5 миллиард сўм миқдорида субсидия тўлаб берилди. Мазкур механизм, бир томондан, аҳолини қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишга рағбатлантираётган бўлса, иккинчи томондан, ёзги мавсумда электр энергиясига бўлган юкламани камайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Амалий кузатувларга кўра, қуёш панелларидан фойдаланаётган хонадонларда ёзги мавсум давомида ўртача 400–500 минг, қишки мавсум давомида ўртача 200–300 минг сўмгача иқтисодий манфаат шаклланиши мумкин. Бу эса қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатишнинг аҳоли оилавий бюджетига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганидан далолат беради.
– Қайта тикланувчи энергия манбаларини соҳа объектлари, давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида жорий этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Дарҳақиқат, ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда жами 2 минг 790 та улгуржи истеъмолчига тегишли, умумий қуввати 81,6 МВт бўлган қуёш фотоэлектр қурилмалари бўйича икки томонлама шартномалар тузилган. Ушбу истеъмолчилар томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ва ўз эҳтиёжидан ортиқча бўлган электр энергияси электр тармоқларига узатилмоқда. Ушбу шартномалар асосида мазкур истеъмолчилар томонидан ўз эҳтиёжидан ортиқча равишда электр тармоқларига жами 64,9 миллион кВт·соат электр энергияси етказиб берилган.
– Шу билан бирга ҳудудда шамол энергетикасини ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Қорақалпоғистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришнинг яна бир муҳим йўналиши — шамол энергетикасини ривожлантириш ҳисобланади. Ҳудуднинг табиий-иқлимий шароити, айниқса шамол тезлиги юқори бўлган очиқ ва кенг ҳудудларнинг мавжудлиги Қорақалпоғистон Республикасини йирик шамол электр станцияларини барпо этиш учун истиқболли ҳудудлардан бирига айлантирмоқда.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида йирик шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, АCWА Power компанияси томонидан ҳудудда бир қатор йирик шамол электр станциялари ҳамда электр энергиясини аккумуляция қилиш — BESS (Battery Energy Storage System) тизимларини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида келгусида ҳудуд энергетика тизимига катта ҳажмдаги қўшимча генерация қувватлари жалб этилиб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш, электр тармоғининг барқарорлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг энергетика тизимидаги улушини ошириш имконияти яратилади.

Жумладан АCWА Power компанияси томонидан Қўнғирот туманида амалга оширилаётган йирик Wind IPP лойиҳаси 1 минг 500 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ҳамда 300 МВт қувватли BESS энергия сақлаш тизимини ўз ичига олади. Лойиҳанинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон Республикасида шамол энергетикасининг йирик ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш билан бир қаторда, ишлаб чиқарилган электр энергиясини сақлаш ва зарур вақтда энергетика тизимига етказиб бериш имконини берувчи замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган яна бир йирик лойиҳа — Karakalpakstan Wind IPP ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий қуввати 1 500 МВт шамол электр станцияси ҳамда 300 МВт БЕСС энергия сақлаш тизимидан иборат. Мазкур лойиҳани ишга тушириш 2027 йил I чорагига режалаштирилган.
Нукус шаҳри ҳудудида амалга оширилган Karatau Wind IPP лойиҳасининг ўрнатилган қуввати 100 МВтни ташкил этади. Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида шамол энергетикасини амалий жиҳатдан ривожлантириш, замонавий шамол турбиналаридан фойдаланиш бўйича тажриба ва инфратузилма базасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Беруний туманида амалга оширилган Beruniy Wind IPP лойиҳаси 200 МВт қувватли шамол электр станцияси ҳамда 200 МВт·соат сиғимдаги BESS энергия сақлаш тизимини ўз ичига олади. Мазкур лойиҳа ҳудудда шамол энергияси билан бир қаторда электр энергиясини аккумуляция қилиш технологияларини жорий этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, Қорақалпоғистон Республикасида АCWА Power компанияси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳудудда шамол энергетикасини ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этмоқда. Мазкур лойиҳалар бўйича шамол генерацияси қувватларининг умумий ҳажми 3 300 МВт (3,3 ГВт)ни ташкил этади. Бундан ташқари, лойиҳаларда жами 800 МВт қувватдаги энергия сақлаш тизимлари кўзда тутилган. Бу эса Қорақалпоғистон Республикасининг Марказий Осиёдаги йирик “яшил энергетика” марказларидан бирига айланиши учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
– Эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Умуман олганда, Қорақалпоғистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида қуёш ва шамол энергетикасининг улуши босқичма-босқич ортиб бормоқда. Аҳоли хонадонларида қуёш панелларининг кенг жорий этилиши электр энергияси харажатларини камайтириш ва ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча иқтисодий манфаат олиш имкониятини яратмоқда. Шу билан бирга, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясининг тармоққа қайтарилиши электр энергетика тизимига қўшимча ресурс сифатида хизмат қилмоқда.
Келгусида Қорақалпоғистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини янада кенг жорий этиш, янги қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш, мавжуд электр тармоқларининг ўтказувчанлик имкониятларини ошириш, энергия сақлаш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда истеъмолчиларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш режалаштирилган.
Айниқса, йирик шамол ва қуёш электр станцияларининг босқичма-босқич ишга туширилиши, аҳоли хонадонларида қуёш фотоэлектр панелларининг кенг тарқалиши ҳамда BESS каби замонавий энергия сақлаш технологияларининг жорий этилиши натижасида Қорақалпоғистон Республикасида электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификация қилиш ва энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири