Қорақалпоғистон байроғи қабул қилинган кун
Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат байроқлари ўрнатилган майдонда “Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байроқ қабул қилинганининг 30 йиллиги билан муборакбод этди.
[gallery-9959]
“Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун 1992 йил 14 декабрда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ХI сессиясида қабул қилинган. Байроқ яхшилик, донишмандлик, поклик, гўзаллик, тинчлик ва янгиланиш каби туйғуларни ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, давлат байроғини кўз қорачиғидек асраш, уни улуғлаш ва баландларга кўтариш – ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиз ҳисобланади.
Сўнгги йилларда аҳоли ҳаётида, турмушида катта ўзгаришлар, янгиланишлар юз бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари, белгилаб берган долзарб вазифалари кундалик ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугунги кунда аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида юртимизнинг барча ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасига чин маънода тараққиёт, янгиланишлар даври сифатида эътибор қаратиляпти. Бу ҳар жабҳада кўзга ташланмоқда. Аҳоли эса шундан мамнун.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА