Қоракўлда тиббиёт ходимлари шарафланди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Соғликни сақлаш соҳаси ходимлари куни” га бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сектор раҳбарлари, давлат ва хусусий шифохоналарда фаолият олиб борувчи шифокорлар, ҳамширалар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир аввалида тиббиёт ходимларини туман ҳокими Х.Тоҳиров байрам билан самимий қутлади. Таъкидланганидек, чиндан ҳам, инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлиги, шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларидир. Айни вақтда тумандаги тиббиёт муассасаларида 2 минг 785 нафар ходимлар меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида аҳолига 27 минг 326 маротаба тиббий хизматлар кўрсатилган.

Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида юқори технологиялик операцияларнинг 60 таси туманда амалга оширилган. Ҳар ойда ўртача 30 нафар беморлар вилоят, 10 нафари Республика клиник шифохоналарида ордер асосида шифо топмоқда. Биргина туман марказий касалхонасининг ўзида ҳар ой ўртача 2 минг нафардан ортиқ туман аҳолиси стационар шароитда даволанмоқда. 35 нафар туғма юрагида нуқсони бор болалар Республика бюджети ҳисобидан операция қилинди. 12 нафар хотин-қизларда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига имтиёзли, юқори технологиялик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши натижасида Қоракўлда тиббиётнинг барча мураккаб йўналишларини ўз ичига олган шифокорлар шаҳарчаси бунёд этилмоқда.

Эл-юрт саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини муносиб рағбатлантириш доимо давлатимиз эътиборида. Тантанали тадбирда тиббиёт ходимларининг машаққатли ва масъулиятли, шу билан бирга шарафли меҳнати эътироф қилингани ҳолда тизимда намунали фаолияти билан бошқаларга ибрат бўлиб келаётган бир гуруҳ шифокорларга туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва совғалари топширилди.

Тиббиёт ходимлари шарафланган тадбирда санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Маълумот учун, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда “Тиббиёт ходимлари куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА