Қоракўл туманида IT-кластери ташкил этилади
Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 10 сентябрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида масъул-мутасаддилар зиммасига Қоракўл туманидаги халқаро математика мактаби негизида хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда рақамли технологияларга ихтисослашган замонавий олий таълим даргоҳи фаолиятини йўлга қўйиш, бу ерда ахборот технологиялари асосида IT парк ва ёшлар шаҳарчаси барпо этиш ҳамда соҳада таълимдан ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит занжир яратишни кўзда тутувчи “IT-кластер" ташкил этиш вазифалари қўйилган эди.
Давлатимиз раҳбари 2021 йил 12 октябрида Бухоро вилоятига сайловолди учрашувида Қоракўл туманидаги халқаро математика мактабида ахборот технологияларига ихтисослашган университет ташкил этиш мақсадида Ҳиндистон давлатидаги олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилиш талаби қўйилган эди. Шу муносабат билан Ҳиндистоннинг «АCHARYA” институтлар тармоғи ижрочи директори Вишеш Чандрашекхар ҳамда корпоратив муносабатлар ва халқаро ишлар бўйича директор ёрдамчиси Саубхик Кумар Дейни Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Қоракўл туманида ташкил этилиши режалаштирилган “IT-кластер" учун ажратилган ер майдони ва бинолар билан яқиндан танишди.

Айни кунда Қоракўл туманида 13,2 гектар майдонда, жами 16 та бинода Қоракўл “IT-кластери" ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган. Бу жараёнда ахборот технологиялари университети, IT марказ, IT-инкубация маркази, IT мактаби ҳамда Қоракўл халқаро математика мактаби қамраб олинмоқда. Замон талабига жавоб берадиган ахборот технологиялари кластерида 1 минг 100 ўринли IT мактаби, 500 ўринли IT марказ, шунингдек, минг ўринли IT университети, 50 ўринли IT инкубация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Ахборот технологиялари бўйича ёш мутахассислар тайёрлаш назарда тутилган.

Ҳиндистоннинг "АCHARYA” институтлар тармоғи делегацияси Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Учрашувда “IT университет" лойиҳаси истиқболига катта ишонч билдирилди. Меҳмонлар Ҳиндистонда ривожланаётган ахборот технологиялари соҳаси ва дунёда ўз мавқеига эга «АCHARYA” институтлар тармоғи тақдимотини ўтказди.
– 1990 йилда мамлакатнинг йирик саноат ва рақамли технологиялар шаҳри Бангалорда фаолият бошлаган «АCHARYA” институтлар тармоғи бугунга келиб жаҳоннинг 70 та давлатидан 15 мингдан ортиқ талабасига эга, – дейди олий таълим даргоҳи ижрочи директори Вишеш Чандрашекхар. – Халқаро талабаларга эгалиги билан институт мамлакатда иккинчи ўринда, дунё рейтингида эса кучли қирқликка кирган. Биздаги кутубхона фонди ва сўнгги русумдаги рақамли ахборот технологиялари мамлакат олий таълим тизимида биринчи ўринга кўтарилган. "АCHARYA” институтлар тармоғи Apple, Miсrosoft, Samsung каби дунёнинг йирик брендлари марказларига эга.

Бухорода рақамли технологияларга ихтисослашган IT университет фаолиятини йўлга қўйишда яқин ҳамкорликни бошлаётганимиздан мамнунмиз. Бизга замон талабига жавоб берадиган бино жиҳозлаб берилса, ўз технологияларимиз ва сармоямизни киритиб, иш бошлашга тайёрмиз. Бу жараёнда маҳаллий кадрлар, яъни олий таълим даргоҳида дарс берадиган ўқитувчиларни саралаб, Ҳиндистонда малака ошириб қайтишларини ҳам таъминлаймиз. Қолаверса, Қоракўл туманида бўлиб, ёшлар таълимига қаратилган эътибор ва шарт-шароит билан танишдик.
Қоракўл туманида ташкил этилиши режалаштирилган “IT-кластер" келажакда дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ошишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА