Қоракўл билим чашмасини очган устоз ёди
Иккинчи мақола (ЎзА сайтида аввал ушбу мактаб фаолиятига бағишлаган биринчи мақола эълон қилинган эди)
Устоз зоти ҳақида умумий гапларни кўп гапирамиз, ёзамиз, уларнинг инсон ҳаётидаги ўрнини эътироф этамиз. Аммо қалбимизга яқин, онгу шууримизда чуқур из қолдиган, ҳаётимизда туб бурилиш ясашга сабабчи бўлган, энг яқинимиздай бўлиб қолган содда, самимий устозларимизни алоҳида меҳр ва ҳаяжон билан эслаймиз, бир умр эслаймиз, доим қадрлаймиз. Касбига садоқатли, ўз ортидан кўплаб ёшларни эргаштира оладиган мураббийларимизни бир умрга ўзимизга намуна қилиб оламиз.
Мен билганим — бугун турли жабҳаларда қизғин фаолият олиб бораётган, ўз ўрнига эга минглаб ёшлар Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаевни ана шундай ўзгача меҳр билан эслайди. Нафақат қоракўллик ёшлар, балки юртимизнинг турли бурчакларидаги йигит-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларида бу инсоннинг ҳиссаси, ўгитлари, ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб берган хотиралари алоҳида ўрин тутиши аниқ. Шахсан менда шундай. Қарийб 20 йилга яқин муддат ўтган бўлса-да, Жумаев домламизнинг содда, самимиз кулиб турган чеҳраси, ҳар ҳафта бўладиган мулоқот йиғилишларида жонкуйдириб гапиришлари, ҳаётий тажрибалари, кўрган-билганлари ҳақида сўзлаб берган хулосалари ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Чунки устознинг ўзида ҳам, сўзида ҳам сохталик, ясамалик йўқ эди, ҳар доим самимий гапирардилар, ҳақ гапни айтардилар, ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри қарор чиқара олардилар.

Устоз таълимда ҳам тўғри метод ва ёндашувларни, тартиб-қоидаларни танлай олган эканки, бугун Қоракўл зиё масканини — Жумаев мактабини ҳамма яхши билади. Фидойи устозимиз яратган янгича таълим методикаси ўзини оқлагани учун бугун бутун республикамиз бўйлаб татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Қоракўл мактаби ҳақида, Тўхтамурод Жумаевнинг таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб, “Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди. Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!
Бундай улкан натижага эришиш учун албатта ўзига хос ўқитиш тизими бўлиши керак. Айни вақтда бундай ютуқлар замирида инсоннинг ўз касбига, Ватанига меҳри ва садоқати, юксак масъулият туйғуси мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, деган эди.

Давлат раҳбарининг бундай эътирофи нафақат устоз ва мактаб жамоасини, балки Қоракўл мактабидан катта ҳаётга қадам қўйган биз собиқ битирувчиларни ҳам тўлқинлантириб юборди — кўзимда ёш, қалбимда титроқ ва ҳаяжон билан тинглаган эдим. Тантанали маросимда онлайн иштирок этган устозларимизни ойнаи жаҳонда кўриб қувонгандим. Бир пайтлар устознинг “мактабимиз эришган натижалар Президент нигоҳига тушса эди, бошқача ўзгаришлар бўларди, имкониятларимиз кенгаяр эди...”, дея қилган орзулари ёдимга тушиб, “домламизнинг ниятлари ушалди”, деб ич-ичимдан хурсанд бўлган эдим.
Ўша ҳаяжонли онларга бир йил тўлди. Ўтган бир йил давомида Президент топшириғи билан жойларда Қоракўл мактаблари ташкил этилмоқда. Аммо бу мактабнинг пойдеворини қўйган, минглаб ёшлар ҳаётига замин яратган, ўзига хос методни бошлаб берган устоз хотирага айланди. Оғир дард домламизни орамиздан олиб кетган кун ҳаммамиз мотам оғушида қолдик, бутун Қоракўл, Олот халқи оёққа турди. Чунки ҳудуддаги деярли ҳар икки хонадоннинг бирида бир эмас, бир нечта фарзанду неваралар ушбу даргоҳда таҳсил олиб, ўз йўлини топган, шу боис одамлар устоздан, Қоракўл мактабидан ҳамиша миннатдор.
Айни кунларда Тўхтамурод Жумаевнинг ҳаёт йўли, Қоракўл мактабини ташкил этишдаги заҳматлари ва ютуқлари, шогирдлари тақдирида ўчмас из қолдиргани акс эттирилган “Замон Авлонийси” спектакли Қоракўл туман маданият марказида намойиш этилаётгани устозимиз ва у кишининг меҳнатларига бўлган ҳурмат-эътибор намунасидир.
Анчадан буён дилимга тугиб юрганим — Жумаев домла ёди ҳақида ҳамкасбларию шогирдларининг фикрларини улашиш истаги устоз ва мураббийлар кунида юзача чиқди.
Нурилло Яхёев,
Навоий шаҳридаги математика, физика ва инглиз тилига ихтисослашган Навоий-Қоракўл мактаб интернати директори:
— Тўхтамурод Жумаев Қоракўл мактабига асос солган илк йиллардан бошлаб директор ўринбосари сифатида улар билан бирга ишлаганман, қадамба-қадам юрганман. Шунинг учун уларни менчалик яқиндан биладиган инсон бўлмаса керак.
Мактаб ташкил қилинган 90-йилларда ҳеч ким бизга ишонмаган, уйма-уй юриб ота-оналарга тушунтирганмиз, ўқувчи йиғганмиз. Устимиздан кулганлар ҳам бўлган. 1993 йилда мактаб-интернатнинг 40 нафар биринчи қалдирғочларидан 38 нафари олий ўқув юртига кирганидан кейин одамлар ишонч билдира бошлаган. Ўша йилдан бошлаб ўқувчиларимиз республика фан олимпиадаларига ҳам чиқа бошлаган.
Домла билан ёнма-ён ишлаб, улардан таълим методикасидан ташқари, энг аввало, инсонийликни, одамгарчиликни ўрганганман. Жуда содда, самимий инсон эди, кибр, манманлик, димоғдорликни умуман билмасдилар. Доим ошхонада ўқувчилар билан бирга овқатланардилар. Ҳеч қачон ўзларига алоҳида овқат тайёрлатган ёки алоҳида тайёргарлик қилдирган раҳбар эмас. Аксинча, камтарликда ҳаммамизга намуна бўлганлар. Ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Тушлик вақти овқатланиш учун ўқитувчилар столига ўтирсак, нон идишида қолиб кетган, суви қочиб, қотган нонларни биринчи бўлиб олардилар, ўша нонлар тугагандан кейингина янги нон олиб келинарди. Биз ўқитувчилар ҳам улардан ўтиб, янги нонга қўл узатмасдик.
Камтарликлари борасида айтганда, яна бир қизиқ ҳолат эсимга тушди. Бир гал пойтахтдан Қоракўлга қайтаётганимизда поездга билет оладиган бўлдик. Мен купе вагонга оламан десам, домла “йўқ, оддий пласкартга олаверинг”, дедилар. Поездга чиқдик. Саҳар вақти Навоийга етганимизда, вагон назоратчиси ҳаммани уйғотди. Шу ерда бир аёл Қоракўлдан эканлигимиздан хабар топиб, “Қоракўлда бир мактаб бор, шуни биласизларми, боламни ўқитмоқчи эдик”, деб қолди. “Ҳа биламиз, нима ёрдам керак”, дедим. Мени кимлигимни, қаерда ишлашимни сўради. Мен ўша мактабда ишлашимни айтдим. Шу пайт ювиниш хонасидан Тўхтамурод домла келиб қолдилар. Бу киши ўша мактаб директори эканлигини айтганимда, ҳалиги аёл ишонмади. “Ҳазиллашяпсизми, алдамаяпсизми”, деган қараш билан лол бўлиб турарди. Ҳақиқатда Қоракўл мактаби директори ва директор ўринбосари эканлигимизни айтганимизда, “Эҳҳе, шунақа машҳур мактабнинг директори шунақа содда, оддий одамми?! Биз у донғи кетган мактабнинг ҳатто оддий домлалари ҳам инсон зоти билан гаплашмаса керак деб ўйларканмиз. Жуда оддий одамлар экансиларку!”, дея ҳайратланганди. Манзилига етиб, вагондан тушаётганда яна орқасига қайтиб, “ростдан ўша мактабданмисилар?”, деган эди...
Ҳақиқатан ҳам Жумаев домла мактабнинг шон-шуҳрати, эришган натижалари билан ҳеч қачон кибру ҳавога берилмаганлар. Ҳамиша содда ва самимий, камтар инсонликларича қолганлар.
Мактаб ташкил қилинган дастлабки йилларда уйларидан мактабгача —5 километр масофага пиёда келиб-кетардилар. Ҳар куни. 4 гектар майдонга эга мактаб ҳудудини ҳам ҳар куни 4-5 марта айланиб кузатиб чиқардилар. Камчиликлар, қилинадиган ишлар бўлса айтиб, ўзлари бош-қош бўлар эди. Бир йили ҳудуддаги бўш ер майдонида арчазор барпо этиладиган бўлди. Тўхтамурод домла оёқларига резина этик кийиб, узун чўпни ўлчаб кесиб олди-да, ишга тушиб кетди. “Кўчатлар оралиғи бир хил бўлиши керак, ҳар томондан қараганда, симметрия бўлсин”, деб ўзлари ўлчаб, бирга ўтқазишиб чиққанлар. Ўша арчалар 2-3 йил гуркираб ўсдию совуқ уриб қуриб кетди. Кейин ўрнига ўрик кўчатларини эктиргандилар, ҳозир ўша кўчатлар дарахтга, чиройли боғга айланган...
Домла жуда масъулиятли эдилар, эринмасдилар, бирор жойга айтилган соатидан кечга қолмаганлар. Ишдан кейин уйларига қайтиш учун йўлга чиққан вақтда иш юзасидан телефон бўлса ёки бирор муаммо чиқиб қолса, албатта, йўлдан қайтиб, иш кабинетларига кириб эшитардилар, ҳеч қачон йўл-йўлакай иш қилмаган.
Мактаб учун жонкуяр, ўз касбига жуда садоқатли бўлган. Сўнгги пайтларда аҳволлари ёмонлашиб қолганда ҳам мактабдан узилмаган, ҳатто операцияга киришларидан олдин ҳам жарроҳга “шошманг, бироз вақт беринг, операциядан кейин 3-4 кун ўзимга келмасам керак. Шунинг учун вазифаларни тайинлаб олай”, деб мени чақирган ва қилинадиган ишларни, вазифаларни бирма-бир тушунтириб, кейин кириб кетгандилар.
Жумаев жуда матонатли, кенгфеъл, бағрикенг инсон эди, инсонни эшитишни биларди. Бир гал синф хонасида стол-стул синиб ётганини кўриб мени уришганлар. Мен эса тўлиб турган бўлсам керак, қизиққонлик қилиб, “ бу менинг ишим эмас, хўжалик ишлари мудирининг иши. Ҳаммаси жонимга тегди, бўлди ишламайман”, деб эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетганман. Кечқурун бир пайти домла “меҳмон оласизларми”, дея кулиб кириб келдилар уйимга. Бирга ўтириб чой ичдик, овқатландик. Кейин кетишга чоғланиб, “мактаб эшигини тарақлатиб ёпгандан кўра, юзимга бир шапалоқ урганингиз яхши эди. Мактаб, таълим ҳаммамизнинг ишимиз. Бу менинг ишим эмас, десак, лицейимизда тартиб қолмайди, ҳеч бир соҳада ривожланиш бўлмайди. Эртага ишга чиқинг”, дедилару кетдилар. Мен эса қилган ишимдан уялиб, узр сўраганимча қолдим.
Домла инсоннинг истеъдодини, ичида борини юзага чиқаришга уста эди. Масалан, мен бошқа бир жамоада ишлаганимда, аниқ биламан, бу даражага етиб келолмасдим. Тўхтамурод Жумаевдан ўрганганларим, кўрганларим, уларнинг талабчанлигига жавобан иш олиб борганим менга катта мактаб бўлган.
Бир сўз билан айтганда, Тўхтамурод Жумаев касбдошларига ҳам, шогирдларига ҳам инсонийликда, таълимда, раҳбарликда намуна бўлган инсон, Қоракўл илм чашмасини игна билан очган фидойи зот.
Азима Қиёсова,
“Ўзбекистон24” телерадиоканали мухбири:
– Қоракўл мактабига кириш учун ҳар ой имтиҳон бўларди. Шу баллар йиғилиб, йил сўнгида кириш имтиҳонларига тавсия этилганлар номи эълон қилинарди. 14 ёшли қизман, юрагим орзу ҳавасларга лиммо-лим. Мақсадим катта: нима бўлса хам шу мактабга киришим керак. Ҳар гал қишлоқдан имтиҳон топшириш учун мактабга келаман, натижалар ёмон эмас, яхши баҳога топшираман. Лекин мактаб директори Тўхтамурод Жумаевнинг савлатию салобати, қаттиққўллигидан сал чўчирдим. Хаёлимда жуда қўпол ва урушқоқ кишидек кўринарди.
Ғалвир сувдан кўтарилди. Ўша бахтли лаҳзаларни эслаш қанчалик мароқли мен учун — лицейга кирдим. Биринчи қўнғироқни чалганим ҳали-ҳануз эсимда. Тез орада Жумаев билан яқиндан танишдик. Сабаби устоз аълочи ва фаол ўқувчиларни тезда пайқар, олдига чақириб, топшириқлар берарди. Аслида билсам, жуда кўнглибўш, меҳрибон ва олийжаноб инсон, ўзига ва ўзгаларга, айниқса, ўқувчиларга талабчан экан. Ҳар гал юрагимни қўлга олиб турардим, нима бўлса ҳам Жумаевнинг ишончини оқлашим керак. 6 ойдан сўнг қизлар турадиган ётоқхонага мени бошлиқ қилиб қўйишди. Бу масъулиятли вазифани адо этишим шарт эди, чунки домла қизларнинг тарбиясига жуда қаттиқ эътибор берар эдилар.
Кўз очиб юмгунча мактабни битирдик. Битирув кечасида устоздан дуо олдим, “бу қизимиз ҳали машҳур журналист бўлади, буни ҳали эл танийди, бунга ишонаман”, дедилар. Ҳамон қулоғим остида жаранглайди бу сўзлар...
Баъзида иш жараёнида қийналиб қолсам, домланинг шу гапини эслайман, ҳаракат қилишим керак, изланишим ва курашишим керак дейман ўзимга ўзим. Устозимиз Жумаевнинг ишончини оқлашим шарт, деб ўзимга тасалли бераман ва қайта кучга тўламан. Айнан менинг ҳаётимда устознинг ўрни ва ўгитлари жуда катта. Мен сингари минглаб лицейдошларимиз ҳаётида ҳам шундай бўлса керак. Устозимизнинг руҳлари шод бўлсин...
Ҳусан Тангриев,
Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси ходими:
— Бугун Ўзбекистоннинг исталган нуқтасига бориб, “Жумаев мактаби” ҳақида сўрасангиз, дарров билишади. Тўхтамурод Жумаевнинг узоқ чеккан заҳматлари эвазига ташкил этилган бу мактабда кечган тўрт йиллик ҳаётимиз катта ҳаёт йўлида жуда қисқа фурсат бўлса-да, биз каби юзлаб ўқувчиларнинг бутун бир умрига татигулик! Орадан 20 йил ўтган бўлса-да, ҳалигача лицей муваффақиятларининг сири ҳақида кўп сўрашади.
Лицейнинг собиқ ўқувчиси сифатида айтишим мумкин-ки, у ерда бошқалардан яшириладиган ҳеч қандай сирнинг ўзи йўқ! Муваффақиятнинг энг катта омили Жумаев домла раҳбарлигида лицейга ўқувчиларни саралаб олиш механизми ҳалол ва тўғри йўлга қўйилган.
Иккинчи омил шундаки, саралаб олинган болалар ўртасида ҳам, уларга сабоқ берадиган ўқитувчилар ўртасида ҳам соф рақобат муҳити шаклланган эди. Энг муҳими, биз ўқувчиларда ғоявий бўшлиқнинг ўзи йўқ эди. Таъбир жоиз бўлса, онгу шууримизни заб этган мўъжазгина ғоя ҳам, мафкура ҳам битта — фан олимпиадаларида ютиш, олийгоҳга кириш!
Биз лицей 2001 йилда катта ҳаётга учирма қилган ўн биринчи қалдирғочлар сафиданмиз. Бу сафда АҚШ, Руминия, Жанубий Корея каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган Умид Раҳмонов, Зулфиддин Камоловлар бор. Бу сафда лицейни муваффақиятли тугатиб, олийгоҳларга олдинги ўринларда қабул қилинган ўқувчилар бор, бу сафда бугун устозлари ортидан бориб, шу даргоҳнинг ўзида ёшларга сабоқ бераётган ўнлаб ёш ўқитувчилар бор! Энг муҳими, бу сафдагилар катта ҳаётда ўз йўлини топиб, давлатимизга, жамиятимизга нафи тегаётганлардир барчаси!
Барча муваффақиятларимиз замирида эса устозимиз Тўхтамурод Жумаев бошлаб берган ўзига хос метод, мактабда яратилган муҳит, тартиб-интизом мужассам.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
Иккинчи мақола