Қора ва рангли металл парчалари соҳасида лицензиялашнинг янги тартиби жорий этилди
Қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндилари билан боғлиқ фаолиятни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий ўзгариш амалга оширилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 175-сон қарори билан мазкур соҳада лицензиялашнинг янги тартиби тасдиқланиб, ягона ва шаффоф механизм жорий этилди.
Мазкур қарор билан қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолияти бўйича лицензиялаш паспортлари тасдиқланди. Унда лицензия олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби, қарор қабул қилиш муддатлари, шунингдек, лицензия талаблари ва шартлари аниқ белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга мувофиқ, мазкур фаолият турларини лицензиялаш бўйича ваколатли орган этиб Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги белгиланди. Бу эса соҳада давлат назоратини янада самарали ташкил этиш, лицензиялаш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Янги тартиб тадбиркорлик субъектлари учун лицензия олиш жараёнларини аниқ ва тушунарли механизмлар асосида ташкил этиш, давлат хизматлари сифатини ошириш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартиришга қаратилган. Шу билан бирга, қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндилари айланмасини қонуний асосда тартибга солиш, ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга йўл очади.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу қарор соҳада замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қора ва рангли металл парчалари бозорининг барқарор ва шаффоф ривожланишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА