Қўқонда аҳоли саломатлиги йўлида яна бир муҳим қадам
Қўқон шаҳрида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
- Ҳозирги кунда Қўқон шаҳрида 25 тадан ортиқ тиббиёт- даволаш профилактика муассасалари мавжуд. Биронта ҳам таъмирга муҳтож, янги қуриладиган ёки замонавий тиббий жиҳозлар етишмайдиган тиббиёт муассасаси қолмади, – деди Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Комилжон Сирожиддинов. – Бу Президентимизнинг тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларининг натижасидир.

Шаҳардаги 8-сонли оилавий поликлиника биноси ҳам замонавий талаблар асосида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Поликлиниканинг очилиш маросимида Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов иштирок этиб, йиғилганларни қутлади.
Таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, айниқса, бирламчи тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада тиббиёт муассасаларини замонавий бинолар, малакали мутахассислар ва илғор технологиялар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Янги тиббиёт маскани барча зарур тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиб, бу ерда аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш учун қулай шароитлар яратилган. Замонавий жиҳозлар шифокорларга беморларни ўз вақтида текшириш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда профилактика ишларини самарали ташкил этиш имконини беради.
Тадбир иштирокчилари яратилган шароитлар билан танишиб, поликлиника жамоаси билан суҳбатлашди.

– Поликлиника 28 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади. Кунига 150 қатнов қувватига эга. Бирламчи бўғинда аҳоли саломатлигини сақлаш, уларни режа асосида доимий кўрик ва скринингдан ўтказиш ва соғломлаштириш ишларини олиб борамиз, – деди Комилжон Сирожиддинов. – Оилавий поликлиника барча зарур техник жиҳозлар билан таъмирланди. Улар хорижий мамлакатлардан келтирилди. Оилавий поликлиниканинг қурилиши ҳам, жиҳозланиши ҳам давлат инвестиция дастури асосида амалга оширилди.
Янги қиёфа касб этган 8-сонли оилавий поликлиника эндиликда ҳудуд аҳолисига янада қулай, сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА