Фармацевтика ривожи: Инвестициялар ва сифат назорати кучаймоқда
Аҳолини хавфсиз, юқори сифатли ва арзон дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар билан таъминлаш, шунингдек, фармацевтика саноатини янги босқичга кўтариш ҳар қачонгидан муҳим.
Президентимизнинг 2026 йил 5 мартдаги «Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси соҳада туб ўзгаришларга пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш доирасида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, илмий-тадқиқот жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳага халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш борасида тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, 2026 йилда фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари сифатида ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 триллион сўмга етказиш, қиймати 1 миллиард АҚШ доллари бўлган истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда 800 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини бошлаш белгиланган бўлиб, бу борадаги амалий чора-тадбирлар қатъий назоратга олинган.
Фармон ижросини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш. Хусусан, оригинал дори воситаларининг патент муддати тугагандан сўнг 1 йил ичида уларнинг ишлаб чиқарувчиларига технологиялар трансфери харажатларининг 50 фоизи (50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми) ёки маҳсулотни яратишдаги илмий тадқиқот харажатларининг 50 фоизи (100 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми) қоплаб берилиши белгилангани соҳа корхоналари учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

Шунингдек, фармон ижроси доирасида биологик фаол қўшимчалар бозорида тартибга солиш ва сифат назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унга кўра, 2027 йил 1 январдан «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP» миллий сертификатига эга корхоналаргагина ўз линияларида БФҚ ишлаб чиқаришга рухсат берилиши, 2028 йил 1 январдан эса БФҚларга рухсатнома беришда Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари (HAACP) тизими жорий этилган бўлиши ҳамда улар мажбурий рақамли маркировкаланиши шартлиги белгиланган.
Айни пайтда мазкур талабларга тайёргарлик кўриш мақсадида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан жойларга чиққан ҳолда амалий ва услубий ёрдам кўрсатилмоқда. Навбатдаги ўрганиш «Pharma care» корхонасида ўтказилиб, Агентлик мутахассислари ишлаб чиқариш жараёнларининг HACCP тизими талабларига мувофиқлигини дастлабки баҳолади ва корхонанинг тизимни жорий этишга тайёргарлик ҳолатини ўрганди.

Жумладан, ишлаб чиқариш шароитлари ва технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш назорати, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш механизмлари кўздан кечирилди. Дастлабки аудит давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича корхона масъулларига тавсия ва амалий кўрсатмалар берилиб, HACCP тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби тушунтирилди.
Учрашувда корхона фаолиятидаги долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари, шунингдек, Агентлик томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча амалий ёрдам чоралари муҳокама қилинди ва БФҚ ишлаб чиқарувчи корхоналарни янги талабларга тайёрлаш бўйича ўрганишлар ва услубий кўмак ишлари давом эттирилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида фармонда кўрсатилган енгилликлар ҳам амалиётга жорий этилмоқда. Хусусан, 2026 йил 1 июндан бошлаб фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича базавий ҳисоб миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, шунингдек, қарздорлик бундан юқори бўлган ҳолатларда эса у шаклланган кундан бошлаб 10 кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилиши белгилангани соҳа вакиллари учун қулай бизнес муҳитини яратмоқда. Мазкур фармоннинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши мамлакатимиз фармацевтика саноатини янги босқичга кўтариб, аҳолининг хавфсиз ва сифатли дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА