Қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг жамият ҳаётидаги аҳамиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда филиал раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди судьяси Н.Бекимбетова томонидан мазкур Қонун билан амалдаги қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишларнинг мазмуни батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар қонунга хилоф равишда муомалада бўлишининг ортиб бораётганлиги, бунинг натижасида эса аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф юзага келаётганлиги бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлиги учун жавобгарликни белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ, шунингдек қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга, бошқа қонун ҳужжатлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу нуқтаи назардан Қонун жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлашга, аҳоли саломатлиги ва генофондини ҳимоя қилишга, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбир давомида ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни турли зарарли иллатлар ва ҳуқуқбузарликларга олиб келувчи омиллардан огоҳ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада таълим муассасалари, оила ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим ўрин тутиши, ёшлар тарбиясида масъулият ва эътиборнинг узвийлиги зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва берилган саволлар юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири