Қонунчиликка “тўловга қобилиятсизлик” атамаси киритилмоқда
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши унинг қоидалари бир хил қўлланилиши учун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини унга мувофиқлаштириш заруратини келтириб чиқарди.
Шу сабабли “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва кодексларига жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортиш асослари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Кодекс ва қонунлардаги “банкротлик” атамаси ўрнига иқтисодий ночор ҳолатга тушган тадбиркорлик субъектларини молиявий соғломлаштиришни назарда тутувчи “тўловга қобилиятсизлик” атамаси киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексида сохта тўловга қобилиятсизлик, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Фуқаролик кодексига жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлигига оид янги норма (261-модда) киритилмоқда. Унга кўра, қарздор жисмоний шахс пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаса, суд томонидан тўловга қобилиятсиз, деб топилиши мумкин.
Сенаторлар маъқуллаган мазкур қонун билан Солиқ кодексига муҳим ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, тадбиркорлар учун тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш жараёнида жорий солиқ тўловларини тўлашни тўхтатиб туриш ва мазкур тартиб-таомил якунлангач солиқ қарзларини олти ой ичида тенг миқдорда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА