Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар
Андижонда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутасаддилари, туман, шаҳар бўлимлари инспекторлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан жорий йил 11 январдаги «Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли 245-245-8-моддаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган тартиблар тўғрисида кенг тушунтириш берилди.

– Қонунчилигимиздаги ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасига оид ўзгартиш ва қўшимчалар шубҳасиз, соҳа ишини янада юқори босқичга кўтаради, қолаверса, бугунги кунда юзага келаётган қатор муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади, – дейди Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Акмалжон Жўраев. – Шу маънода соҳа мутахассисларининг ана шу ўзгаришлар, уларнинг мазмун-моҳияти бўйича билим ва тушунчаларини бойитиш фаолиятимиз самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассис ва мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА