Қонунчиликдаги янгиликларга бағишланган семинар ўтказилди
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Олий суди, БМТнинг Тараққиёт дастури ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда “Қонунчиликдаги янгиликлар ва долзарб масалалари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги вакиллари, вилоят суди раиси ва судьялари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Одил судловни амалга ошириш бу суд биносига келган ҳар бир фуқаронинг жамиятда қонун устуворлигига бўлган ишончини янада ортишига хизмат қилади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга замин яратди.
– Семинар давомида намойиш қилинган тақдимотларда суд ишларини юритиш соҳасидаги қонунчилик янгиликлари, суд қарорларини қайта кўриш институтларидаги янгиликлар хусусида сўз юритилди, – дейди вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош консультанти Нурбек Раҳимов. – Судьялар клубининг онлайн форуми тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Пандемия шароитида ташкил қилинган мазкур тизим судьяларнинг ўзаро мулоқоти, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорликлари ва фаолиятларида қўллаётган тажрибаларини ўртоқлашишларига имконият яратди. Шу билан бирга мазкур онлайн форум жамоатчиликда суд ҳақида ижтимоий фикр шаклланишига ҳам ҳисса қўшди.
Семинарда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлашга доир маърузаларида қайд этилган тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА