Қонун устуворлиги ва инсон манфаатлари йўлида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими томонидан республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаб, жамият ҳаётида нафақат қонун устуворлиги, балки юртдошларимизнинг моддий ва мулкий манфаатлари ҳимоясини кафолатлашда Мажбурий ижро бюроси муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бюро томонидан жорий йилнинг тўққиз ойида 1 трлн. 923 млрд. сўмлик ижро ишларидан 1 трлн. 535 млрд. сўм ёки 80 фоизи тамомланиб, шундан 567 млрд. сўми амалда ундирилди.
[gallery-14300]
Пресс-тур давомида МИБ Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси Даврон Бўтақориев алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ҳолат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Чунки, тан олиш керакки, айни йўналишда ижро ҳужжатлари ҳавас қиларли эмас.
- Ота-оналар фарзандлари вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Оила дарз кетди дегани - бу ота ёки оналик масъулиятидан холи бўлди дегани эмас. Аммо алимент тўловларни ўз вақтида тўламай, остонасида биз, ижрочиларни сарсон қилаётган масъулиятсизлар ҳам бор, - деди Д. Бўтақориев.
Шу билан бирга МИБ Фарғона шаҳар бўлими томонидан давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдаси ундирилиши билан боғлиқ бўлган ижро ҳужжатларни ижросини таъминлаш ҳамда давлат фойдасига ўтган мол-мулклар сотилишидан тушган жами 1 млрд. 352 млн. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилди. Бундан 676 млн. сўмдан ортиғи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш учун очилган махсус ҳисоб-рақамларга йўналтирилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА