Қонун лойиҳаси такомиллаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ва ЎзЛиДеП фракцияси ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.
“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш масаласи муҳокама марказида бўлди.
Давра суҳбатида қонун лойиҳаси “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурининг 56-бандидаги “Йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштиришнинг “Европротокол” тамойилларига асосланган соддалаштирилган тартибини жорий этиш” вазифаси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.
Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг катта қисми тан жароҳатлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда содир этилаётган бўлиб, статистик маълумотларга кўра, бундай йўл-транспорт ҳодисаларининг сони 2018 йилда 13 701 та, 2019 йилда 23 246 та ҳамда 2020 йилда 16 023 тани ташкил қилган.
Амалдаги қонунчилигимизда йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш механизми мавжуд эмас. Натижада барча йўл-транспорт ҳодисалари бўйича ишлар суд томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинмагунига қадар фуқаролар мажбурий суғурта қилиш шартномасига асосан суғурта товонини олиш имкониятига эга бўлмайди.
Тан жароҳатлари билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда фуқаролар ўзаро бир-бирларига даъволари бўлмаган ҳолатларда ҳам ҳодиса жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимини чақиришга мажбур бўлмоқда. Мазкур ҳуқуқбузарликлар умумий асосларига кўра, баъзи ҳолатларда икки ойлаб кўрилади ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судларга қатнаб, ортиқча овора бўлишларига ҳамда жарима тўлашларига сабаб бўлмоқда.
Ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисасини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш асослари, қоидалари ва тартиби белгилаб бериляпти.
Давра суҳбатида иштирокчилари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берилди. Қонун лойиҳасидаги камчиликлар бартараф этилди.
Берилган таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олинадиган бўлди.
ЎзА