Қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда таҳлилий-тадқиқот фаолияти соҳаларида тажриба алмашилади
Белград шаҳрида Ўзбекистон ва Сербия парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди.
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Учрашувда парламентлар раҳбарияти ва қўмиталари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда таҳлилий-тадқиқот фаолияти соҳаларида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Сербия парламенти инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликка оид қўмитаси раиси, “Сербия - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Александр Маркович мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, халқ вакиллари бўлган парламент аъзолари бу жараённи янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши икки халқни янада яқинлаштиришини таъкидлади.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, “Ўзбекистон - Сербия” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Эркин Гадоев давлатларимиз ўртасида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлашда парламент муҳим вазифани бажараётганини қайд этди. Шу билан бирга, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро ташрифлар ва қўшма тадбирларни мунтазам ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сербия Республикаси Халқ йиғилиши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Англашув меморандуми парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш, қонун ижодкорлиги фаолиятида тажриба алмашишни кенгайтириш, шунингдек, халқаро парламент ташкилотлари доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий асос яратди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2021 йилдан буён Олий Мажлис палаталарида Сербия Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритиб келмоқда. Сербия парламентида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган. 2025 йил 22 декабрь куни “Ўзбекистон - Сербия” ва “Сербия - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг онлайн учрашуви ўтказилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА