Қўмондон ёш аскарлар билан учрашди
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” лойиҳаси доирасида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами олдидан ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёш ҳарбий хизматчилар қалбида бурчга садоқат, Ватан ҳимояси йўлида фидойи бўлиш туйғуларини мустаҳкамлаш, ёшлар эришаётган ютуқлар билан танишиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, генерал майор Ойбек Саидов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Комилжон Комилов иштирок этди.
Учрашувда Шарқий ҳарбий округ қўмондони мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Ёш аскарларни бурчга садоқатли, Ватан ҳимояси йўлида фидойи ва собитқадам бўлишга чақирди.
Қўмондон учрашувда ёш аскарлар эришаётган ютуқлар билан танишди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарди.
[gallery-18761]
Ёшларнинг ҳарбий касбга, хизматга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилган учрашувда ҳарбий бурчни намунали адо этаётган бир гуруҳ ёш аскарлар қўмондон томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари