Қўмондон ижодкор ёшлар даврасида бўлди
Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидовнинг ўқувчи ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ижод мактаби ўқувчилари меҳмонни ўзларининг Она ватан ва тинчликни улуғловчи шеърлари билан қарши олди.
Шундан сўнг, округ қўшинлари қўмондони мактаб хотира дафтарига ўзининг самимий тилакларини ёзиб, ёш қаламкашларнинг келгуси ўқиш ва ижодларига улкан мувофаққиятлар тилади.
[gallery-4354]
“Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар юрти!” шиори остида ўтказилган учрашувда Жиззах шаҳар ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси, фахрийлар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Қўмондон миллий армиямизнинг бугунги куч-қудрати ва салоҳияти ҳамда Ватан тинчлиги ва осоийишталиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг эришаётган ютуқлари ҳақида сўз юритиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Тадбир давомида ижод мактабининг бир гуруҳ фаол ёшларига бадиий адабиётлар тўпламлари, спорт анжомлари ва мусиқий чолғу асбоблари совға қилинди. Жиззах гарнизони ҳарбий оркестр жамоасининг концерт дастурлари, қўл жанги усталарининг саҳна кўринишлари ҳамда қурол аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмалари намойиш этилди.
Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА