Қўмитанинг ўз стратегияси мавжуд
Яқинда оммавий ахборот воситаларида дунёнинг ўн тўққизта давлатида турли ҳайвонларда COVID-19 нинг қўзғатувчилари кузатилганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарлар расмий идоралар томонидан тасдиқланди.
Албатта, бу ҳолат мамлакатимизнинг эпизоотик осойишталиги учун хатарли ҳисобланади. Негаки, юқумли касалликларнинг аксарияти ҳайвондан одамга юқади ва бу ҳолат одамлар соғлиги учун жиддий хавф туғдиради.
Шу боис, мамлакатимиздаги эпизоотик вазият хусусида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборовга мурожаат қилдик.
– Шуҳрат ака, ҳайвонларда COVID-19 нинг қўзғатувчилари кузатилганлиги тўғрисидаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Мутахассис сифатида коронавируснинг ҳайвонларда учрашини қандай изоҳлайсиз?
– Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти коронавируснинг ҳайвонларда учрашини аллақачон тасдиқлаб бўлди. Бу ҳақда Халқаро ҳайвонлар соғлигини сақлаш ташкилотига махсус ахборот ҳам киритилган. Халқаро ҳайвонлар соғлигини сақлаш ташкилоти томонидан дунё давлатларига ҳайвонларни коронавирусдан сақлаш, вирусга чалинишининг олдини олиш бўйича алоҳида кўрсатма ва йўриқномалар берилган. Бунда аввало, ҳар бир давлат ўзининг чегарадаги ветеринария санитария пунктларини COVID-19 ни аниқлайдиган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаши ва импорт қилинадиган ҳайвонлар учун қатъий карантин режимини жорий этиши белгиланган.
– Мамлакатимиз чегара пунктларида ҳайвонларда учрайдиган COVID-19 ни аниқлайдиган барча қулайликлар борми?
– Албатта. Юртимиздаги барча чегара ветеринария назорати пунктлари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Махсус дезинфекция йўлаклари жорий этилган. Шунингдек, Халқаро ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан касаллик қайд этилиши бўйича алоҳида мониторинг юртилади...
– Шу ўринда дунёдаги эпизоотик вазият хусусида ҳам тўхталсангиз...
– Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилотининг маълумотига кўра, 2021 йилнинг ўтган 8 ойида дунёнинг 10 та давлатида 83 ҳолатда оқсил, 20 та давлатида 7079 ҳолатда чўчқа ўлати, 3 та давлатида 17 ҳолатда қўй ва эчки чечаги, 55 та давлатида 2697 ҳолатда юқори патогенли парранда гриппи, 6 та давлатида 17 ҳолатда қўйларнинг блютанг, 3 та давлатида 12 ҳолатда парранданинг Ньюкасл, 2 та давлатида 12 ҳолатда туберкулёз, 1 та давлатида 2 ҳолатда бруцеллёз, 5 та давлатида 12 ҳолатда куйдирги, 7 та давлатида 686 ҳолатда нодуляр дерматит, 3 та давлатида 23 ҳолатда майда шохли молларни ўлати, 5 та давлатда 85 ҳолатда қутуриш ва бошқа тур касалликлар аниқланган.
– Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Республикада эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни ўтказиш учун жами 1200 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унга 4799 та мутахассис ва ходимлар бириктирилди. Ишчи гуруҳ ишини мувофиқлаштириб бориш бўйича республика, вилоят ва туман штаблари ташкил этилди.
Профилактик тадбирлар бўйича календар режа асосидаги тизим яратилиб, бугунги кунга қадар йирик шохли молларнинг 8,9 млн боши ва майда шохли молларнинг 13,0 млн боши шунингдек, 297,7 минг бош бошқа тур ҳайвонлар куйдиргига, йирик шохли молларнинг 5,9 млн боши нодуляр дерматитга, 2,6 млн боши оқсилга, 2,8 млн бош қорасонга, 849,4 минг боши лептоспирозга, майда шохли молларнинг 2,9 млн боши оқсилга, 15,4 млн боши бруцеллёзга, 3,1 млн боши чечакга, 965 минг боши брадзотга, 59,0 минг боши лептоспирозга, 125 минг бош қуёнларнинг геморрагик иситмасига, 11,4 минг бош туялар ўлатига, ҳамда 8,4 млн бош паррандалар Нюкьасл касаллигига ва рўйхатга олинган 2,5 млн бош ит ва мушуклар қутуриш касаллигига қарши профилактик эмланди.
Шу билан бирга, 3,2 млн бош йирик ва 1,1 млн бош майда шохли моллар бруцеллёзга ва йирик шохли молларнинг 1,7 млн боши туберкулёзга диагностик текширилди ҳамда 13,7 млн бош йирик ва 19,5 млн бош майда шохли моллар эктопаразитларга қарши профилатик ишлов берилди. Чорва моллари сақланадиган 672,1 минг та бинода дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари ўтказилди.
Манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда Андижон, Фарғона, Наманган Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудида мавжуд биологик чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари хатловдан ўтказилди. Хатлов натижасига кўра, уларинг жойлашуви бўйича координатлари белгиланди.
Шу билан бирга жорий йилнинг январь-июн ойларида хамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда куйдирги, қутуриш ва Крим Конго геморрагик иситма касалликлари тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.
– Жуда катта ҳажмдаги эпизоотик тадбирлар хусусида фикр юритдингиз. Бунинг учун етарлича ветеринария перепаратлари мавжудми?
– Захирамизда ветеринария перепаратлари етарли. 2021 йилда республикада ветеринария осойишталигини таъминлаш мақсадида 10,3 млн. доза куйдирги, 240 минг доза қутуриш, 7,9 млн. доза нодуляр дерматит, 3,8 тонна қорасон, 1,4 тонна брадзот, 992 минг доза лептоспироз, 25,0 минг доза туялар ўлати, 5,0 млн доз оқсил, 10,0 млн доза чечак, 16,0 млн доза бруцеллёз (Рев-1), 17,1 минг доз бруцеллёз (штамм 19), 135 минг доза қуёнларнинг гемморагик иситма касалликларига қарши эмлама ва 26,2 тонна дезвоситалар харид қилиниб, белгиланган тартибда жойларга етказиб берилмоқда.
Ҳозирги кунда захирада 4,4 млн доза оқсил, 3,0 млн доза нодуляр дерматит, 25 минг доза қуёнларнинг геморрагик иситмаси, 4,0 тонна қорасон, 5,0 тонна брадзот, 18 минг доза лептоспироз, 32,0 минг доза бруцеллёз (штамм-19), 6,4 млн доза куйдирги ва 1,0 млн доза итларнинг қутуриш касаллигига қарши эмламалар ва 10,6 тонна дезвосита (9,2 тонна креолин ва 1,4 тонна гипохлорит) мавжуд.
– Демак, ҳайвондан одамга юқувчи ёки чорвани нобуд қиладиган юқумли касалликларнинг олдини олиш борасидаги профилактик ишлар меъёрида?..
– Шундай. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг бу борада келгуси уч йиллик, беш йиллик, ўн йиллик учун ўз стратегияси мавжуд. Агар қўмита ана шундай стратегия асосида фаолият юритмаса, инсон саломатлигига хавф солувчи ҳайвон касалликларига қарши курашишда вазиятни бой бериб қўяди.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Икром Аввалбоев, ЎзА