“Қоғозда арзон” савдоларга чек қўйилади
Ўзбекистонда солиқ тизимини такомиллаштириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва бозорда адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 майда қабул қилинган “Солиқ базасини товарларнинг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш орқали тенг рақобат муҳитини яратиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Мазкур қарор билан айрим товарлар, аввало, кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида ҳисоблаш тартиби тасдиқланди. Мутахассислар фикрича, янги механизм бозорда узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган “қоғозда арзон” савдоларга қарши таъсирчан восита бўлиши мумкин.
Маълумки, амалиётда айрим уй-жойлар ёки товарлар ҳужжатларда ҳақиқий бозор баҳосидан анча паст қийматда расмийлаштирилиб келинган. Бу орқали айрим сотувчилар ва тадбиркорлар солиқ юкини сунъий равишда камайтиришга ҳаракат қилган. Натижада давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағлар қисқарган, бозорда эса нотенг рақобат муҳити юзага келган.
Янги тартибга кўра, агар шартномада кўрсатилган нарх бозор баҳосидан 20 фоиздан ортиқ фарқ қилса, солиқ органлари солиқ базасини қайта ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда таққосланадиган бозор нархлари усули қўлланилади.
Солиқ органлари бозор қийматини аниқлашда нотариал ахборот тизимлари, давлат харидлари платформалари, электрон савдо майдончалари, интернет ресурслари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-касса маълумотлари, банк баҳолари ҳамда мустақил баҳоловчи ташкилотлар хулосаларидан фойдаланиши мумкин.
Қарор иловасида келтирилган шартли мисол ҳам янги тартибнинг амалда қандай ишлашини кўрсатади. Унга кўра, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 216 квадрат метрли хонадон 231 миллион сўмга сотилгани расмийлаштирилган. Бироқ шу ҳудуддаги ўхшаш объектларнинг ўртача бозор баҳоси ҳисоблаб чиқилганда, уйнинг қиймати 1 миллиард 317 миллион сўм экани маълум бўлган.
Натижада сотув нархи билан бозор баҳоси ўртасидаги катта тафовут сабабли компанияга қўшимча 244,5 миллион сўм солиқ ҳисобланган. Жумладан, 116,4 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи ва 128,1 миллион сўм фойда солиғи қўшимча ҳисобланган.
Мазкур механизм биринчи навбатда кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Чунки сўнгги йилларда уй-жойларни ҳақиқий қийматидан анча паст нархда расмийлаштириш ҳолатлари кенг тарқалган эди.
Янги тартиб фақат кўчмас мулк бозори билан чекланиб қолмайди. Биринчи босқичда ёғоч ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳам мазкур тизимга киритилди. Кейинчалик бу рўйхат кенгайиши мумкинлиги айтилмоқда.
Шу билан бирга, ҳужжатда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳам назарда тутилган. Агар тадбиркор ёки фуқаро солиқ органлари белгилаган бозор баҳосига рози бўлмаса, мустақил баҳоловчи жалб қилиш ёки шахсий кабинет орқали эътироз билдириш ҳуқуқига эга.
Бозор механизмларини солиқ маъмуриятчилигига кенг жорий этиш нафақат бюджет тушумларини оширади, балки “соя иқтисодиёти” улушини қисқартириш, ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Демак, янги қарор солиқ тизимида шаффофликни кучайтириш, яширин ҳисоб-китобларга чек қўйиш ва бозорда тенг рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган муҳим ислоҳот сифатида баҳоланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА