Паррандачилик комплекси барпо этилади
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида паррандачилик тармоғини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган яна бир йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда 15 миллион АҚШ доллари қийматидаги замонавий паррандачилик комплексини ташкил этиш кўзда тутилган. Энг муҳими, лойиҳа натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, Бахмалсой маҳалласидаги узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган ҳудуд иқтисодий фаоллик масканига айланади.
Туман ҳокими Комилжон Муллажанов Хитой компаниялари раҳбарлари билан учрашувда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқот давомида янги паррандачилик комплексини ташкил этиш, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалар ва ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилди. Лойиҳага мувофиқ, Бахмалсой маҳалласидаги қаровсиз ҳудудда замонавий технологиялар асосида фаолият юритадиган паррандачилик мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган. Бу, бир томондан, фойдаланилмаётган ер майдонини иқтисодий айланмага киритишга хизмат қилса, иккинчи томондан, маҳаллий аҳоли учун янги меҳнат имкониятларини яратади. Комплекс ишга туширилиши билан 100 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланиши кутилмоқда.

— Туманимизда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни даромадли меҳнат билан қамраб олиш ва иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишига эришишни мақсад қилганмиз. Паррандачилик соҳасидаги мазкур лойиҳа ҳам ана шу вазифаларга хизмат қилади. Айниқса, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган ҳудудда замонавий ишлаб чиқариш мажмуасининг ташкил этилиши катта аҳамиятга эга. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадлари ошиши, маҳалланинг иқтисодий фаоллиги кучайиши учун имконият пайдо бўлади. Хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали туманимизга замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни олиб кириш, ишлаб чиқариш салоҳиятини янада юксалтиришга интиламиз, — дейди туман ҳокими Комилжон Муллажанов.

Сайхунободда паррандачилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган ишлар аввалдан бошланган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 14 март куни Сирдарё вилоятига, жумладан, Сайхунобод туманига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Ушбу вазифалар ижроси доирасида туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласи ҳудудидаги 13 гектар ер майдонида «Qaynar» хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг паррандачилик лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишлаганда йилига 28 миллион дона бройлер жўжа ва 30 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Янги ҳаёт маҳалласидаги аввал самарасиз фойдаланилган эски чорвачилик фермаси ўрнида «ABDUL RAZAK OTA EXPORT» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг замонавий паррандачилик мажмуаси барпо этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилиб, 230 минг бош парранда етиштириш қуввати яратилди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон «Паррандасаноат» уюшмаси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Янги инвестиция лойиҳасининг йўлга қўйилиши билан Сайхунободда паррандачиликка ихтисослашган йирик корхоналар сони учтага етиши кутилмоқда. Бу эса туманда соҳа кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар очади.

Умуман, паррандачилик мажмуаларининг ташкил этилиши нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, балки аҳолининг ишсиз қатламини меҳнат фаолиятига жалб қилиш, оилалар даромадини ошириш ва маҳаллалар иқтисодиётини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Сайхунободдаги янги инвестиция ташаббуси эса бўш турган ҳудудларни самарали фойдаланишга қайтариш ва уларни аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган ишлаб чиқариш масканларига айлантириш йўлидаги навбатдаги қадамдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири