Қизлар учун IT соҳасида янги имкониятлар
Андижон шаҳридаги Президент мактабида 11 октябрь — Халқаро қизлар куни муносабати билан “Girls in IT” мавзусида учрашув ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад қизларни ахборот технологиялари соҳасига қизиқтириш, рақамли кўникмаларини ривожлантириш ва замонавий касблар ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришдан иборат.
Учрашувда рақамли маркетинг мутахассиси, “Yulduz Tech Award” совриндори Суғдиёна Аҳмаджонова иштирок этиб, ўқувчи қизларга IT соҳасидаги замонавий тенденциялар, рақамли маркетинг, шахсий брендни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва касбий имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Қизлар академияси” лойиҳаси ҳақида тақдимот ўтказилди. Унда лойиҳа доирасида ёш қизлар учун яратилаётган таълим ва менторлик имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида рақамли саводхонлик, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, муаммоларга ечим топиш ва лидерлик салоҳиятини ривожлантириш каби кўникмалар муҳокама қилинди. Интерактив шаклда ўтган учрашув савол-жавоб ва амалий машғулотлар билан давом этди.
Тадбир ёш қизларни IT ва инновациялар соҳасига йўналтириш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА