“Қизлар овози” республика форуми
“Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида “Қизлар овози” республика форуми ўтказилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда соҳага алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, талаба-ёшлар, ижодкорлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётир.
Ўзбекистонда ёш хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий модулини яратишга мўлжалланган “Қизлар овози” платформаси яратилди. Ушбу платформа 5 та йирик лойиҳани ўз ичига олди. Илк лойиҳа сифатида барча ҳудудларда “Қизлар овози” клублари иш бошлади. Бугунги кунда 14 та ҳудудий, республика клубларида 11 минг нафардан ортиқ қиз фаолият олиб кўрсатмоқда.
Маълумки, юртимизда 30 ёшгача бўлган жами 18 миллион 570 минг нафар ёшдан 9 миллион 90 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ёшлар ишлари агентлигининг ўз олдига қўйган асосий вазифаларидан бири мана шу ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирокини рағбатлантириш учун корхона-ташкилотларнинг саъй-ҳаракатини бирлаштириш, республикада қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалда рўёбга чиқариш бўйича тарғибот ишларини олиб боришдир.
[gallery-1623]
“Қизлар овози” республика форумида миллий ҳунармандчилик намуналари, қизлар касб-ҳунар марказлари тақдимоти ва фотокўргазма, “Модуль-5” лойиҳаси, либослар намойиши ва машҳур дизайнерлардан маҳорат дарслари, “Ёш куч” журнали ва китоб тақдимоти, “Қизлар овози” клуби фаолиятини янада такомиллаштириш ва ёш хотин-қизлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш бўйича таклиф ва тавсиялар, “Қизлар овози” онлайн мактаби 2-мавсумнинг ёпилиши каби лойиҳалар ўтказилади.
Миллий ҳунармандчилик намуналари, қизлар касб-ҳунар марказлари тақдимоти ва фотокўргазмалари намойишида қадимий ва миллий либослар, тақинчоқлар ва ҳудудимиз этнографиясига оид кўплаб музей ашёлари, қадимий кашта ва рўзғор буюмлари билан бойитилган экспозиция яратилди.
Кўргазмада профессионал ва ҳаваскор 14 нафар фотоустанинг 150 га яқин ижодий иши намойиш этилмоқда. Турли фотографлар томонидан ҳар хил йўналишда олинган замонавий суратлар ҳам ўрин олган.
Шунингдек, форумда “Модуль-5” лойиҳаси кўриб чиқилди.
– Ўзбекистон ва жаҳонда машҳур ёшлар, ўз соҳасининг етук мутахассислари иштирокидаги нутқлар, турлича янгиланишлар билан фаолиятини давом эттираётган мотивацион майдончалардан бири бу “Модуль-5” лойиҳаси ҳисобланади, – деди Ёшлар ишлари агентлиги ахборот ва медиа хизмати бош мутахассиси Жаҳонгир Худойқулов.
– Навбатдаги “Модуль-5” лойиҳаси майдонида форум иштирокчи қизларига мотивация бериш учун уларни турли соҳада фаолият олиб бораётган фаол аёллар билан таништириш кўзда тутилган. Мулоқот тарзида ўтказилган модулда ёш хотин-қизларни қизиқтирган мавзулардаги саволларга спикерлар томонидан аниқ, рақамларга асосланган, миллий ва хорижий тажрибалар мисолида жавоб берилди.
Форумда яна бир лойиҳа бу “Қизлар овози” халқаро илмий-амалий конференциясидир. Мазкур конференцияда узоқ йиллар давомида хотин-қизлар ҳаётида тўпланган тажрибалар, эришилган ютуқлар билан бир қаторда бугунги кунда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги мавжуд масалалар юзасидан фикрлар алмашилди. Хусусан, бу борада АҚШ, Италия, Ҳиндистон, Швеция каби 10 га яқин хорижий давлатлар тажрибаси экспертлар кўмагида таҳлил қилинди. Соҳага алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари мамлакатимизда ёш хотин-қизлар учун яратиб берилган имкониятлар ва ўз тизимидаги мавжуд муаммолар, олдини олиш бўйича манзилли стратегиялари юзасидан тақдимот қилишди. Конференция сўнггида тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА