Қизилтепа туманида пахтачилик янги босқичга чиқмоқда
Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда фермер хўжаликларининг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, пахтачиликда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, қўл меҳнати улушини камайтириш ва йиғим-терим жараёнларини механизациялаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов тумандаги “Фармон бобо неъмати” фермер хўжалиги далаларида бўлиб, ғўза парвариши ва йиғим-теримга тайёргарлик жараёнлари билан танишди.
– Жорий йилда 14,3 гектар майдонда ғалла парваришлаб мўл ҳосил олдик. Айни пайтда эса 16,6 гектар майдонда пахта етиштирмоқдамиз, – дейди фермер Фарҳод Эсанов. – Пахтачиликда механизацияни кенг жорий этиш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки замонавий қишлоқ хўжалиги юқори ҳосилдорлик билан бир қаторда, ишлаб чиқариш жараёнларининг тезкор, тежамкор ва технологик ташкил этилишини ҳам талаб этмоқда. Пахтани комбайнлар ёрдамида териб олиш эса мавсумий ишчи кучига бўлган эҳтиёжни камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва терим муддатларини қисқартириш имконини беради.

Туманда етиштирилган пахта ҳосилини техника ёрдамида йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 5965 гектар майдонга Хитойнинг “Xin Lu Zao-87” навли чигити қадалди. Эътиборлиси, ушбу майдонлар комбайнда теришга мослаштирилган технология асосида, 76х10 ўлчамдаги қўш қатор усулида парваришланмоқда.
Йиғим-терим жараёнларини тез ва соз ўтказиш, қўл меҳнатини енгиллаштириш ҳамда пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, сифатли йиғиб олиш мақсадида 30 та пахта териш комбайни шай ҳолатга келтирилган.

Вилоят раҳбари фермер, комбайнчи ва соҳа масъулларига мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш ва техникалардан самарали фойдаланиш бўйича тегишли тавсиялар берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири