"Ақлли ҳудуд" – тезкор қарорлар майдони
Бугун ҳудуд тараққиётини рақамли маълумотларсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки аниқ рақам ортида муайян ҳолат, муаммо ва унинг ечими мужассам. Жиззах вилоятида ташкил этилаётган “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказлари ана шу имкониятни бошқарув жараёнига чуқур татбиқ этишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Президентимизнинг 2026 йил 8 июлдаги “«Рақамли ҳукумат» тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳудудларида “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказларини ташкил этиш ишлари бошланди. Мақсад – ҳудудда кечаётган жараёнларни замонавий технологиялар асосида кузатиш, мавжуд муаммоларни рақамли маълумотлар орқали тезкор аниқлаш ва уларнинг ечимига қаратилган бошқарув қарорларини самарали ташкил этиш.


Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Жиззах шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказида бўлиб, унинг техник имкониятлари ва ишлаш тамойиллари билан танишди. Шу ерда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, рақамли таҳлил асосида бошқарувни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни рақамли маълумотлар асосида тезкор аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва натижадор бошқарув қарорларини қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят раҳбари мутасаддиларга рақамли маълумотлардан самарали фойдаланиш, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, ҳар бир йўналиш бўйича масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда ижрони назорат қилиш тизимини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.


2026 йил 15 сентябрь ҳолатига кўра, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Ақлли ҳудуд” вазиятлар марказлари учун ажратилган хоналарда таъмирлаш ишлари якунланган. Жиззах шаҳрида 60 квадрат метр майдонга эга вазиятлар маркази тўлиқ фойдаланишга тайёрланди.
Марказнинг техник имкониятлари эса рақамли бошқарувнинг қамровини яққол кўрсатади. UZINFOCOM тизими орқали 30 та вазирлик ва идоранинг 80 дан ортиқ маълумотлар базасига интеграция қилинган марказ ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида FortiGatе киберхавфсизлик қурилмаси билан жиҳозланди.

Туманларда ҳам марказлар учун ажратилган хоналарда таъмирлаш ишлари якунланиб, зарур техник жиҳозларни ўрнатиш, ягона тизимга уланиш ва ахборот хавфсизлигини кучайтириш ишлари давом этмоқда.
Янги тизим иқтисодиёт, коммунал хизматлар, қурилиш, экология, ижтимоий соҳа ва аҳоли мурожаатлари каби муҳим йўналишлардаги ҳолатни ягона тизим асосида доимий мониторинг қилиш имконини беради. Айниқса, маҳаллалар бўйича инфратузилма ва ижтимоий муаммоларни рақамли кўрсаткичлар асосида тезкор аниқлаш, вазиятни таҳлил қилиш ва масъулларга аниқ вазифалар белгилаш имконияти бошқарувдаги тезкорликни оширади.

Энг муҳими, “Ақлли ҳудуд” фақат маълумотларни бир жойга тўплайдиган рақамли платформа эмас. У мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилиш, муаммони олдиндан кўриш, масъулларга аниқ вазифа белгилаш ва ижрони назорат қилишга хизмат қиладиган замонавий бошқарув механизми сифатида шаклланмоқда. Рақам имконияти амалдаги бошқарув билан уйғунлашгандагина ҳудуд ҳаётида сезиларли натижа беради. Жиззахдаги “Ақлли ҳудуд” марказлари эса ана шу тамойилнинг амалий ифодаси бўлиши кўзда тутилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири