Қишлоқда тиббий мажмуа иш бошлади
Андижон тумани Қўнжи маҳалласида тиббий мажмуа – оилавий поликлиника, шифохона ва тез ёрдам шохобчаси янги бинода иш бошлади.
Туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, шифокорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тиббий муассасанинг очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати юксалиб бораётганлиги таъкидланди.
– 1965 йилда қурилган поликлиника биноси ўрнида янгитдан барпо этилган оилавий поликлиника, шифохона ва тез ёрдам шохобчаси замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, – дейди Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Тоҳиржон Зокиров. – Эндиликда туманнинг Хакан қишлоғи ҳудудидаги 19 маҳаллада истиқомат қилувчи 60 минг нафардан зиёд аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Турли хасталикларни эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, тез ёрдам хизматидан фойдаланиш баробарида катта қулайлик яратилди.
[gallery-19705]
Оилавий поликлиникада терапевт, хирург, стоматолог, УЗИ ва бошқа йўналишлар бўйича 60 нафардан ортиқ шифокор ҳамда ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Шифохона қисмида эса 30 нафар беморнинг ётиб даволаниши учун зарур шароитлар яратилди.
Кўркам, замонавий қиёфага эга тиббий мажмуани барпо этиш ва жиҳозлаш учун дастлабки босқичда 3 миллиард 750 миллион сўм, иккинчи босқичда 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари