Қишлоқда тадбиркорлик ривожлантирилади
Президентимизнинг 2019 йил 19 июлдаги “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади водий вилоятларида қишлоқ хўжалиги соҳасида иқтисодий тизимни янада чуқур ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш тизимини кенгайтириш, шунингдек, туризм ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишдир.
300,6 миллион долларни ташкил этган мазкур лойиҳага Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки 200 миллион доллар, Ўзбекистон Республикаси номидан 100,6 миллион доллар улуш маблағлари киритилган.

Лойиҳа доирасида ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик асослари бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш, бизнесга жалб қилиш ҳамда уларнинг инновацион ва “стартап” лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тўрақўрғон туманида ташкил этилган ҳудудий бизнес- инкубатор томонидан Наманган “Бизнес ва фанлар” университетида “Тадбиркорлик асослари” мавзусида уч марта 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилди. Унда 60 дан заёд ёш ва хотин-қиз тадбикорлик асослари бўйича ўқитилиб, бизнес кўникмалари шакллантирилди.
Қолаверса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш, бу борада ўзаро келишилган қўшма ҳамкорлик муносабатларини олиб бориш, мазкур йўналишларда илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси менежери ҳамда Наманган “Бизнес ва фанлар” университети ректори ўртасида учрашув ўтказилди.

Мазкур мулоқотда Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бизнес-инкубация ва мураббийликка йўналтирилган тадбиркорликка кўмаклашиш, жойларда онлайн-офлайн маърузалар, тренинглар, ўқув курсларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш, хорижий ҳамкорлар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишига ёрдам бериш, етакчи корхоналарда стажировкалар, турли мавзуларда тренинглар, тажриба алмашиниш учун форумлар ташкил қилиш, бизнес ва корхоналарни бошқариш масалалари бўйича махсус ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ва нашр қилиш, минтақавий, миллий ва халқаро илмий–амалий конференциялар ташкил этиш борасида фикр алмашилди.
Музокаралар натижасида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳаси ҳамда Наманган “Бизнес ва фанлар” университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири