Қишлоқ хўжалиги ходимлари улуғланди
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Термиз шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида Сурхондарё вилоятининг фидойи деҳқон ва фермерлари, агрокластерлар вакиллари, боғбон ва чорвадорлар, пиллакор, сувчи, ирригатор, агроном ва механизаторлар, соҳа фахрийлари иштирок этди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
–Давлатимиз раҳбарининг табригида сизларнинг фидокорона меҳнатларингиз алоҳида эътироф этилганида чуқур маъно бор,–деди вилоят ҳокими. – Зеро, дунёнинг кўплаб мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим масалага айланган ҳозирги пайтда сизлардек тажрибали, изланувчан деҳқон ва фермерларнинг оқилона меҳнатларингиз билан об-ҳаво инжиқ келаётган мураккаб шароитда ҳам мўл ҳосил етиштирилиб, юртимиз ободлиги, бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлиги ва дастурхонларимиз тўкинлиги таъминланмоқда. Бундай сермашаққат ва айни пайтда шарафли меҳнатларингизни ҳар қанча улуғласак арзийди.


Деҳқончилик учун об-ҳаво ноқулай келган жорий йилда ҳам вилоятда қишлоқ хўжалиги ходимлари бетиним меҳнат қилиб, мўл ҳосил етиштирди. Ғаллакорлар гектаридан 70 центнердан сара дон йиғиб, 629 минг тонналик улкан хирмон яратди. Ҳар гектар ердан 40 центнердан ҳосил олган пахтакорлар қабул пунктларига 690 минг тоннадан ортиқ пахта топширди. Шунингдек, 1 минг 960 тонна пилла, 1 миллион 200 минг тонна мева-сабзавот, 217 минг тонна гўшт, 955 минг тонна сут, 570 миллион дона тухум етиштирилди.



Мураккаб об-ҳаво шароитида томорқа ер эгалари мўъжазгина экин майдонларида 2-3 марта ҳосил етиштириб, 1,5 миллион тонна мева, сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиштириб олди. Содда қилиб айтганда, томарқачилик воҳа аҳлининг қўшимча даромад манбаига айланди.

Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер тизими йўлга қўйилгани, соҳага имтиёзлар берилаётгани, ер билан тиллашиб ишлайдиган миришкорларнинг деҳқончиликка муносабати тубдан ўзгаргани, меҳнатига яраша ҳақ олаётгани, замонавий илғор технологиялар жорий этилиб, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам янгиланаётгани ва томорқа соҳибларига кўрсатилаётган эътибор ютуқлар омили бўлмоқда. Бу жараёнда ирригация ва мелиорация тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Якунланаётган йилда вилоятда 15 минг гектар майдоннинг сув таъминоти, 37 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 1,4 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.


Бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимларига “Сув хўжалиги аълочиси”, “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Илғор фермер”, “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Пойтахтдан келган таниқли санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури байрам шодиёналарига файз, тўкин ва фаровон ҳаётимиз бунёдкорларига ўзгача қувонч улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири