Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Давлат бошқарувида қабул қилинаётган қарорлар самараси, аввало, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига боғлиқ.
Шу боис сўнгги йилларда давлат органларида ижро интизомини мустаҳкамлаш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ва назорат механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлигида икки кунлик ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

2026 йил 15-16 июль кунлари Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Адлия вазирлиги мутахассислари иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли ижросини таъминлашга бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирнинг биринчи куни соҳага оид топшириқларнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, жорий йилнинг учинчи чорагида ижро муддати якунланадиган вазифаларнинг бажарилиш жараёни масъуллар иштирокида кўриб чиқилди.
Семинарнинг иккинчи куни эса «Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашнинг муҳим омиллари» мавзусида амалий машғулотлар ташкил этилди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, тизим ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлиги мутахассислари қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, раҳбар ва масъул ходимларнинг шахсий жавобгарлиги ҳамда ижро интизомини таъминлашдаги долзарб вазифалар бўйича атрофлича тушунтиришлар берди.
Шунингдек, вазирлик тизимида топшириқлар ижроси жараёнида аниқланган айрим камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбирда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида 2 мингга яқин қонунчилик ҳужжатларининг ижроси таъминланган. Шу билан бирга, ижро интизомини мустаҳкамлаш, назорат самарадорлигини ошириш ва топшириқларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш борасида кейинги йилларда сезиларли ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди.
Муҳокамалар чоғида иштирокчилар ижро амалиётида учраётган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, назорат тизимларини рақамлаштириш, ижро жараёнларини соддалаштириш ҳамда давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Таъкидланганидек, бундай ўқув-амалий семинарлар давлат бошқарувида ижро интизомини янада такомиллаштириш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва касбий салоҳиятини ошириш, энг муҳими, Президент томонидан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган бу каби амалий тадбирларни келгусида ҳам мунтазам ўтказиб бориш муҳим экани қайд этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА