Аномал иссиқ туфайли айрим ҳудудларда 2 соатлик электр чеклови жорий этилди
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, аномал иссиқ туфайли мамлакатда электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш ҳажми тарихий рекорд даражага етди.
Хусусан, 16 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 291 миллион кВт·соатни ташкил этиб, ўтган ёзги мавсумдаги энг юқори кўрсаткичдан 18,4 миллион кВт·соатга (6,7 фоизга) ошди. Шу куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 295,4 миллион кВт·соатга етиб, янги рекорд ўрнатилди.
Вазирликка кўра, аномал иссиқ таъсирида электр узатиш тармоқлари ва ускуналари меъёрдан ортиқ қизиб, кундузи электр энергияси истеъмолининг кескин ошиши тармоқлардаги юкламани янада кучайтирмоқда.
Шу сабабли, энерготизим барқарорлигини таъминлаш ва йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида Қашқадарё, Жиззах, Хоразм ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида 2 соатлик мажбурий электр чекловлари жорий этилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА