Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик
Хитой Халқ Республикасининг “OOO XINJIANG LIHUA GROUP” компанияси вакиллари Шофиркон туман ҳокими Алишер Файзиллоев билан учрашди. Мулоқотда асосан, маҳаллий иқлим шароитига мос пахта ҳосилини етиштириш ва қайта ишлашнинг мураккабликлари, бу жараёнда таклиф қилинаётган иш услуби, агротехник тадбирлар муҳокама қилинди.
Хитойнинг “OOO XINJIANG LIHUA GROUP” компанияси 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш бўйича йирик корхоналардан бири. Компания 2021 йилда Хитойнинг энг яхши 100 та қишлоқ хўжалиги корхонаси орасида 75-ўринни эгаллаган.

Ҳамкорлар томонидан ҳудуднинг чекка 6000 гектардан 8000 гектаргача бўлган ерлари ўзлаштирилади ва пахта етиштирилади. Лойиҳа умумий қиймати 150 миллион долларга баҳоланган бўлиб, хорижий кредит линияси орқали молиялаштирилади.
Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиши билан сув ва ўғитларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ер унумдорлигини ошириш кўзда тутилмоқда. Ушбу технологияни амалга ошириш учун тахминан 4-5 миллион долларга тенг бўлган замонавий ускуналар ва техникалар импорт қилинади. Хусусан, 5 та катта ва 10 та кичик комбайн, 75 та турли хил тракторларнинг олиб келиниши кўзда тутилган.

Муҳими, лойиҳа амалга оширилгач, туман аграр комплексида 1750 та янги иш ўрни яратилади ва бу нафақа иқтисодий ўсишга, балки аҳоли бандлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Истиқболли лойиҳа 2026 йилнинг учинчи чорагида тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.