Қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича жаҳон етакчилари
Дунёда қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 46 миллион квадрат километрдан ошади. Улар серҳосил экин майдонларидан тортиб, кенг қурғоқчил яйловларгача бўлган улкан ҳудудларни қамраб олади.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг маълумотлари асосида тайёрланган инфографикада дунё мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича ўрни акс эттирилган.

Рейтингнинг таҳлил манбаларига ҳайдаладиган ерлар ва бошқа экин экиладиган майдонлар билан бир қаторда, пичан тайёрлаш ёки чорва молларини боқишда фойдаланиладиган доимий ўтлоқ ва яйловлар ҳам киритилган.
“Naked science” онлайн нашри маълумотида катта майдонга эга 50 та мамлакат алоҳида кўрсатилган, қолган давлатлар эса географик минтақалар бўйича бирлаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги ҳудудлари катталиги бўйича рейтингда АҚШ мутлақ етакчилик қилган. Мамлакат ҳиссасига қарийб 4,22 миллион квадрат километр қишлоқ хўжалиги ерлари тўғри келади. Иккинчи ўринда тахминан 3,91 миллион квадрат километр кўрсаткич билан Хитой, учинчи ўринда эса 3,63 миллион квадрат километр майдонга эга Австралия жойлашган.
Бразилия тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса-да, унинг қишлоқ хўжалиги ерлари майдони биринчи учликдаги мамлакатлар кўрсаткичидан кескин фарқ қилади. Мамлакатнинг қишлоқ хўжалигига мослаштирилган ер ҳудуди бир миллион квадрат километрдан кам.
Бу рақамлар дунёдаги йирик аграр давлатлар улкан ер ресурсларига эга эканини кўрсатади. Бироқ ушбу майдонларнинг барчаси ҳам экин етиштириш учун хизмат қилмайди.
Эътиборли жиҳати шундаки, энг йирик қишлоқ хўжалиги майдонларига эга мамлакатларда ҳам яйловлар салмоғи жуда юқори.
Масалан, АҚШда қишлоқ хўжалиги ерларининг қарийб 63 фоизи, Хитойда эса тахминан учдан икки қисми доимий ўтлоқ ва яйловлардан иборат. Бу ҳолат бежиз эмас. АҚШнинг ғарбий қисмидаги кенг яйловлар ва Хитойнинг ички ҳудудларидаги дашт минтақалари йирик деҳқончилик зоналари билан ёнма-ён жойлашган.
Демак, қишлоқ хўжалиги ерларининг умумий майдони мамлакатнинг экин етиштириш салоҳиятини тўлиқ ифодаламайди. Унда чорвачилик учун мўлжалланган ҳудудлар ҳам катта ўрин тутади.
Рейтингда Ҳиндистон еттинчи, Саудия Арабистони эса саккизинчи ўринни эгаллайди. Аммо бу икки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш таркиби бир-биридан кескин фарқ қилади.
Хусусан, Ҳиндистонда қишлоқ хўжалиги ерларининг қарийб 94 фоизи ҳайдаладиган ва бошқа экин экиладиган майдонлар ҳиссасига тўғри келади. Саудия Арабистонида эса бу кўрсаткич 3 фоиздан ҳам кам. У ерда қишлоқ хўжалиги ерларининг асосий қисмини доимий ўтлоқ ва яйловлар ташкил этади.
Яна бир муҳим жиҳат. Ҳиндистоннинг экин экиладиган ва бошқа ишлов бериладиган ерлари майдони АҚШ ва Хитойнинг худди шундай ерлари майдонидан ҳам катта. Бу эса умумий қишлоқ хўжалиги ерлари ҳажми бўйича улардан анча ортда бўлишига қарамай, Ҳиндистоннинг деҳқончилик майдонлари анча катта эканини кўрсатади.
Жаҳон қишлоқ хўжалиги ерларининг минтақалар бўйича тақсимоти ҳам ўзига хос манзарани акс эттиради. Энг катта улуш Осиё ҳиссасига тўғри келади (32,5 фоиз). Кейинги ўринда 25,3 фоиз кўрсаткич билан Африка туради.
Қолган минтақаларнинг улуши эса Шимолий Америка — 12,9 фоиз, Жанубий Америка — 11,6 фоиз, Европа — 9,7 фоиз, Океания — 8,0 фоиз кўрсатгични кўрсатган.
Ушбу рақамлар Осиё ва Африка жаҳон қишлоқ хўжалиги ерларининг энг катта қисми жамланган минтақалар эканини кўрсатади.
Айниқса, Осиёнинг умумий ҳудуди билан ундаги қишлоқ хўжалиги ерлари нисбати диққатга сазовор. Дунё қуруқлик майдонининг тахминан 24 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келади. Бироқ қитъанинг ўз ҳудудининг қарийб ярми қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилади.
Европа эса Россияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, жаҳон қуруқлик майдонининг тахминан 17 фоизини эгаллайди. Шунга қарамай, глобал қишлоқ хўжалиги ерларида унинг улуши 10 фоизга ҳам етмайди.
Умуман олганда, жаҳон қишлоқ хўжалиги ерларининг тақсимоти мамлакатлар ўртасидаги ер ресурслари ва улардан фойдаланиш имкониятлари қанчалик фарқ қилишини кўрсатади. Бир ҳудудда деҳқончилик майдонлари устунлик қилса, бошқасида кенг яйловлар асосий ўринни эгаллайди. Бу эса ҳар бир минтақанинг жаҳон аграр салоҳиятидаги ўзига хос ўрнини белгилайди.
Зуҳра МИЗАБОЕВА, ЎзА