Бозорларда озиқ-овқат хавфсизлиги: 5 минг ҳолатда яроқсиз маҳсулот аниқланди
Ҳар бир харидор бозордан харид қилаётган гўшт, сут, тухум ёки сабзавотнинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишни истайди. Аммо маҳсулотнинг ташқи кўриниши ҳар доим ҳам унинг сифати ва истеъмолга яроқлилигини билдирмайди. Шу боис деҳқон бозорларида ветеринария-санитария экспертизаси назорати муҳим аҳамият касб этади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида республикадаги 249 та деҳқон бозорида фаолият юритаётган ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари томонидан 24 миллион 828 минг 4 та лаборатория текшируви ўтказилди. Ҳисобот даврида жами 20 миллион 662 минг 256 та ҳолат бўйича 1 миллион 866 минг 931 килограмм маҳсулот намунаси текширувга олинди.
Экспертиза жараёнида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, парранда гўшти, тухум, сут ва сут маҳсулотлари, асал, ўсимлик ва полиз маҳсулотлари, қуруқ мевалар, дон ва дон маҳсулотлари, тузлама, салатлар ҳамда бошқа турдаги озиқ-овқатлар лаборатория назоратидан ўтказилди. Гўшт маҳсулотлари назоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, йирик шохли мол гўшти бўйича 248 минг 670 та ҳолатда намуна олиниб, 506 минг 884 та лаборатория текшируви, майда шохли мол гўшти бўйича 263 минг 688 та ҳолатда намуна олиниб, 335 минг 421 та текширув амалга оширилди. Шунингдек, чўчқа гўшти бўйича 11 минг 309 та ҳолатда 13 минг 477 та, парранда гўшти бўйича эса 8 миллион 441 минг 811 та лаборатория текшируви ўтказилди.
Назорат тадбирлари натижасида 5 мингдан ортиқ ҳолатда истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотлар белгиланган тартибда зарарсизлантирилди.
Бу рақамлар бозорларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида лаборатория назорати олиб борилаётганини кўрсатади. Бироқ харидор учун назоратнинг кўлами билан бирга, унинг натижаси, яроқсиз маҳсулотларнинг бозорга чиқиб кетишининг олдини олиш ва хавфсиз озиқ-овқатга бўлган ишончни таъминлаш ҳам муҳим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА