Қишлоқ аёллари қўллаб-қувватланмоқда
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2007 йилда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган аёлларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, уларнинг аҳволи, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида махсус резолюция қабул қилиниб, унга кўра, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб белгиланди.
Ана шундан буён ушбу сана дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, мамлакатимизда ҳам нишонланиб келинади. Ушбу кун муносабати билан қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг, хусусан, хотин-қизларнинг салмоқли қисми қишлоқ ҳудудларида яшайди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, айниқса, биз – қишлоқ аёлларини беҳад қувонтиради.

Қишлоқдан етишиб чиққан олима сифатида айтишим мумкинки, қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, қишлоқларда яшаб, меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги, турли соҳалар ривожидаги иштироки, фаоллиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, биргина Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган турли даражадаги раҳбар, тадбиркор ва олима аёлларнинг кўпчилигини қишлоқларда туғилиб ўсган опа-сингилларимиз ташкил этади.
Буни ўзимнинг ҳаётим ва фаолиятим мисолида ҳам бемалол айтишим мумкин. Мен Балиқчи туманининг чекка Қумтепа маҳалласида туғилиб ўсганман. Тумандаги 43-ўрта мактабни тамомлагач, бир муддат мактабда лаборант бўлиб ишладим. Сўнг Андижон қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кириб, 1995 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатдим. Меҳнат фаолиятимни ўзим таҳсил олган институтда Ўсимликларни ҳимоя қилиш кафедрасида ассистент сифатида бошлаганман.
Шундан сўнг, Агрокимё, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, Ўсимликлар ҳимояси ва карантини кафедраларида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири лавозимларида педагогик фаолиятимни илмий-тадқиқот ишлари билан бирга олиб бордим. 2002 йилда қишлоқ хўжалик фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаган бўлсам, 2016 йилда “Қишлоқ хўжалик экинлари зарарли организмларининг биоэкологиясини ўрганиш ва уларга қарши уйғунлашган ҳимоя тизимини такомиллаштириш” мавзусидаги илмий ишим билан фан доктори унвонини олдим.
Илмий-педагогик фаолиятим давомида мамлакатимиз ҳамда кўплаб хорижий давлатларда ўтказилган халқаро илмий анжуманлар, семинарларда фаол иштирок этдим. Илмий фаолиятим халқаро миқёсда эътирофини топди. Масалан, Корея Республикасида бўлиб ўтган, дунёдаги 40 дан зиёд мамлакатнинг тўрт юздан ортиқ олима, ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизлари қатнашган “KIWIE-2023” кўргазмасида менинг долзарб мавзулардаги инновацион лойиҳа ва ихтироларим юксак баҳоланиб, олтин медаль билан тақдирландим. Ўтган йили эса олиб бораётган илмий-педагогик фаолияти учун Президентимиз фармони билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотландим.
Бугунги кунда мен Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти илмий кенгашининг аъзоси, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги имтиҳон комиссияси раиси, Андижон вилояти “Ихтирочи аёллар” уюшмаси раиси сифатида ҳам самарали фаолият юритиб келаман.
Қаерда, қандай вазифада ишламай, юксак минбару давраларда бўлмай, энг аввало, кўз олдимга мени шундай юксак даражага етказган она қишлоғим, камтаргина онажоним, содда қишлоқ одамлари келади. Қалбимда бир умрга муҳрланиб қолган уларнинг самимий, меҳрли нигоҳлари намоён бўлади. Мен улардан бир умр миннатдорман.
Бугун қишлоқларимиз инфратузилмаси тўла янгиланмоқда, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Кенг, равон йўллар барпо этилиб, ичимлик суви, табиий газ, электр таъминоти яхшиланмоқда. Обод, кўркам қишлоқларимиз шаҳарлар билан бўйлашмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда қишлоқ аёллари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Кўрсатилаётган эътибор уларни юқори марралар сари етакламоқда. Қайси бир қишлоқ аёли ёки қишлоқдан келиб талаба бўлган қиз билан суҳбатлашмай, улар амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлардан мамнун эканликларини кўраман. Уларнинг юз-кўзида нур, эртанги кунга ишонч балқиб турибди.
Махпузахон Юсупова,
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
ЎзА