Қирғизистонлик меҳмонлар Сўхда
Фарғона вилояти Сўх туманида Қирғизистон Республикаси Боткен туманининг маданият кунлари доирасида “Санъат – дўстлик кўпригидир!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Дўстлик кечасида қўшни давлатнинг вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Меҳмонлар тумандаги маданият саройида Қирғизистон Республикаси вакиллари томонидан ташкил этилган кўргазмани томоша қилди. Тадбир иштирокчиларига қирғиз миллатига мансуб мусиқа асбоблари, уй-рўзғор буюмлари ҳақида маълумотлар берилди.

Маданият кунларига бағишлаб ўтказилган тадбирда сўз олган Қирғизистон Республикаси Боткен тумани ҳокими Учкунбек Жоробаев ва Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев икки қардош халқ дўстлиги ва ўзаро қўшничилик муносабатлари минг йиллардан бери давом этиб келаётгани, икки қўшни миллатнинг бозори ҳам, мозори ҳам бир эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, адабиёт ва санъат, маданий, транспорт ва бошқа соҳаларидаги ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бораётганлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланди, ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Айниқса, Фарғона ва Боткент вилоятлари барча соҳаларда алоқаларни йўлга қўйиб, янги марралар сари ҳаракат қилмоқда. Чегараларнинг очилгани эса катта имконият бўлди.

Икки қардош туман раҳбарлари томонидан 2022 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик, дўстлик, қўни-қўшничиликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжат – ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Туман раҳбарлари келажакдаги мустаҳкам ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олди.

Тадбир давомида Қирғизистон Республикаси Президентининг чегара масалалари бўйича Боткен вилоятидаги вакили Мамарчан Раҳимов, Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги вакилининг биринчи ўринбосари Маруфхан Тулаев ўзбек-қирғиз халқларининг дўстлик алоқалари мустаҳкамланаётгани хусусида сўз юритди.

Қирғизистондан келган санъат усталари ижросидаги дўстликни тараннум этувчи кўй-қўшиқлар янгради. “Қариндас” қўшиғидан бошланган дўстлик кечаси “Лазги” ва “Наҳори нашта”нинг қирғизча талқини билан давом этди. Яқин кунларда Қирғизистон Республикаси Боткен туманида Сўх туманининг маданият кунлари бўлиб ўтади.

М.Сулаймонов, ЎзА