Қирғизистон ва АҚШ ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Қирғизистон парламенти – Жогорку Кенгеш раиси Марлен Маматалиев АҚШ элчиси Лесли Вигерини қабул қилди. Учрашув чоғида икки томонлама муносабатни мустаҳкамлаш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Маматалиев Бишкекнинг Вашингтон билан барча соҳалар, хусусан савдо ва инвестиция бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди. “Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мамлакатларимиз ўртасида савдо кўламини кенгайтиради”, дея таъкидлади у.
Шу билан бирга Парламент раиси қирғиз фуқаролари учун виза талаби кучайишидан хавотир билдириб, белгиланган депозит миқдорини қайта кўриб чиқишда ёрдам сўради. Вигери эса жорий этилган талаб соҳада қонун бузилишининг олдини олишга қаратилганига эътибор қаратди.
С.Раҳимов, ЎзА